ФВВ ходимига 30 минг доллар пора таклиф қилган тадбиркор ушланди
Тадбиркор пора эвазига камчиликлари бартараф этилмаган 12 қаватли турар жой мажмуасини фойдаланишга қабул қилиш бўйича аризани ижобий ҳал қилдирмоқчи бўлган.

Пойтахтда фаолият юритувчи тадбиркор Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси ходимига 30 минг АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилган вақтида ушланди. У маблағни 12 қаватли турар жой мажмуасини фойдаланишга қабул қилиш масаласини ижобий ҳал этиш эвазига бермоқчи бўлган.
Маълумотларга кўра, тадбиркор раҳбарлик қилаётган МЧЖ томонидан Яккасарой туманида барпо этилган турар жойда бир қатор камчиликлар бартараф этилмаган бўлган.
Шунга қарамай, у «Nazorat.MS.UZ» электрон портали орқали тақдим этиладиган аризани ижобий кўриб чиқишни таъминлаш мақсадида мансабдор шахсга ноқонуний таклиф билдирган.
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими ушбу ҳолат юзасидан тегишли идораларни хабардор қилган. Шундан сўнг Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизими ва бошқа масъул тузилмалар ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Тезкор тадбир давомида МЧЖ раҳбари пул маблағини топшираётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Ҳолат бўйича тадбиркорга нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси, яъни пора бериш жиноятининг 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Айни пайтда унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.





