add

Германия 512 млрд евро миқдорида рекорд қарз олади

Бугун 10:303932 дақиқа

Германия ҳукумати 2026 йилда мудофаа ва инфратузилма харажатлари ортиши сабаб молия бозорларидан 512 млрд евро қарз жалб қилиб, тарихий рекорд ўрнатишни режалаштирмоқда.

Германия 512 млрд евро миқдорида рекорд қарз олади

Германия ҳукумати 2026 йилда молия бозорларидан 512 млрд евро қарз жалб қилишни режалаштирмоқда. Бу кўрсаткич пандемия ва Украина уруши давридаги қарз олиш ҳажмларидан ҳам ошиб, мамлакат тарихидаги энг йирик қарз кўтариш сифатида қайд этилиши кутилмоқда. Режага кўра, катта ҳажмдаги мудофаа ва инфратузилма сармоялари давлат харажатларини кескин оширган, деб ёзмоқда Deutsche Welle.

Расмий маълумотларга кўра, 2026 йил учун мўлжалланган харажатларни молиялаштириш мақсадида марказий бюджет орқали тахминан 98 млрд евро янги қарз жалб қилинади. Бу Германиянинг бюджет сиёсатида янги босқични англатади. Илгари энг юқори қарз олиш ҳажми 2023 йилда, COVID-19 пандемияси ва Украина уруши оқибатларини юмшатиш доирасида 500 млрд еврони ташкил этган эди.

Германия Федерал молия агентлиги маълум қилишича, қарз маблағларининг асосий қисми капитал бозорларида облигацияларни очиқ аукцион орқали жойлаштириш ҳисобига жалб қилинади. Жумладан, 318 млрд евро узоқ муддатли давлат облигациялари орқали, 176 млрд евро эса пул бозорлари орқали молиялаштирилади. Шунингдек, 16–19 млрд евро миқдорида маблағ «яшил облигациялар» ҳисобидан жалб этилиши режалаштирилган.

Германия нисбатан паст қарз юки туфайли халқаро молия бозорларида энг юқори кредит рейтингига эга давлатлардан бири ҳисобланади. Шу сабаб банклар, суғурта компаниялари ва пенсия жамғармалари каби йирик институционал инвесторлар Германия давлат облигацияларига анъанавий равишда юқори қизиқиш билдиради. Айниқса, ўн йиллик облигациялар даромадлилиги Европа бозорлари учун муҳим индикатор ҳисобланади.

Бироқ қарз миқдорининг ошиши давлат учун фоиз харажатларини кўпайтириши кутилмоқда. Федерал молия агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, шу омил сабаб инвесторлар учун жозибадорликни сақлаб қолиш мақсадида Германия 2026 йилда илк бор 20 йиллик муддатга мўлжалланган давлат облигацияларини таклиф қилади. Бу қарор мамлакатнинг узоқ муддатли қарз бошқарув стратегиясида муҳим янгилик сифатида баҳоланмоқда.

Теглар

Мавзуга оид