Logo

GTA 6 сотувлар бўйича рекорд ўрнатиб, биринчи куниёқ 2,36 млрд доллар даромад келтирди

Кеча 15:352 дақиқа

13 йиллик кутишдан сўнг, ниҳоят 19-ноябр куни тақдим этилган Grand Theft Auto 6 (GTA 6) видеоўйинининг олдиндан буюртмалари ва биринчи кунги сотувлари 24,5 млн нусхадан ошди.

GTA 6 сотувлар бўйича рекорд ўрнатиб, биринчи куниёқ 2,36 млрд доллар даромад келтирди © rockstargames

Grand Theft Auto 6 (GTA 6) видеоўйини 13 йиллик кутишдан сўнг 19-ноябр куни тақдим этилиб, кўнгилочар индустрия тарихидаги энг йирик стартга айланди. Бу ҳақда Sensor Tower таҳлилий платформаси маълумотларига таяниб, BBC хабар берди.

Таҳлилчиларга кўра, ўйиннинг олдиндан буюртмалари ва биринчи кунги сотувлари 24,5 млн нусхадан ошган бўлиб, тахминан 2,36 млрд доллар (1,8 млрд фунт стерлинг) даромад келтирган. Таққослаш учун, жорий йилнинг энг кассабоп филми бўлиб турган «Ўргимчак одам: янги кун» бутун кинопрокат давомида 2,5 млрд доллар йиққан.

Ўйин ишлаб чиқувчиси Rockstar ва унинг бош компанияси Take-Two сотувлар бўйича расмий рақамларни ҳали эълон қилмаган, бироқ талаб «мисли кўрилмаган» даражада эканини таъкидлаган.

Шунингдек, Sensor Tower ўйиннинг юқори оммавийлиги геймерларнинг бошқа якка тартибда ўйналадиган видеоўйинларга сарфлайдиган вақтини 10 фоизга қисқартиришини прогноз қилмоқда.

Ўйин бозорини тадқиқ қилувчи Niko Partners компанияси эса GTA 6 жорий йилда бутун дунё бўйлаб 3 млрд доллардан ортиқ даромад келтиришини кутмоқда. Ушбу кўрсаткич лойиҳани тарихдаги энг даромадли кўнгилочар маҳсулотлар қаторига олиб чиқса-да, инфлятсия ҳисобга олинган ҳолда тахминан 4,5 млрд доллар ишлаган 1939-йилги «Шамолларда қолган ҳисларим» филми рекордидан ортда қолади.

Ўйин тафсилотлари

Ишлаб чиқилишига 1 млрд доллардан ортиқ маблағ сарфлангани тахмин қилинаётган GTA 6 тарихдаги энг қиммат видеоўйин саналади. Қарийб ўттиз йиллик тарихга эга франшизанинг янги қисми воқеалари Флорида штатидан илҳомланиб яратилган Леонида штатида содир бўлади ва жиноятчилар — Лусия ҳамда унинг шериги Жейсон ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади.

Ню Йоркда жойлашган Rockstar студияси ўйиннинг компютерлар (ПC) учун версияси ва кўп фойдаланувчили (мултиплаер) режими қачон тақдим этилишини ҳали маълум қилмаган.

2013-йилда чиққан GTA 5 тажрибасидан келиб чиқилса, онлайн режим ўйинчиларнинг кўчмас мулк, автомобиллар ва бошқа ўйин ичидаги имтиёзларга ҳақиқий пул сарфлаши ҳисобига студияга келгуси йилларда янада катта даромад келтириши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид