Logo

Ҳомиладорлик ва касаллик нафақалари «Барака» картасига ўтказилади

Бугун 16:162 дақиқа

Давлат ижтимоий суғуртаси тизимида фуқароларга ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик (касаллик) нафақаларини тайинлаш ва тўлашнинг янги тартиби жорий этилди.

Ҳомиладорлик ва касаллик нафақалари «Барака» картасига ўтказилади

Ўзбекистонда ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаларини «Барака» ижтимоий картаси орқали тўлашнинг янги тартиби жорий этилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Янги тартибга кўра, агар фуқарода «Барака» ижтимоий картаси мавжуд бўлса, тайинланган нафақа маблағлари ҳеч қандай қўшимча ариза ёки мурожаатсиз автоматик равишда ушбу картага ўтказилади.

Бунда фуқаронинг банкка бориши, алоҳида ҳисоб рақами ёки карта очиши, шунингдек, нафақа маблағларини олиш учун қўшимча ҳужжатлар тақдим этиши талаб этилмайди.

Карта бўлмаса нима бўлади?

Агар фуқарода «Барака» ижтимоий картаси бўлмаса, нафақа тайинланганидан сўнг у учун «Барака» мобил иловаси орқали виртуал ижтимоий карта автоматик тарзда очилади.

Нафақа маблағлари шу виртуал картага ўтказилади. Бунинг учун ҳам банкка бориш ёки алоҳида ариза билан мурожаат қилиш талаб қилинмайди.

Фуқаро «Барака» мобил иловаси орқали виртуал карта ҳолати ва унга келиб тушган маблағлар ҳақидаги маълумотларни кузатиб бориши мумкин. Шу боис нафақа тайинланган фуқароларга иловадаги маълумотларни мунтазам текшириб туриш тавсия этилмоқда.

Агар жисмоний пластик карта зарур бўлса, уни «Барака» мобил иловаси орқали буюртма қилиш мумкин. Вазирликка кўра, касаллик нафақаси тайинланган фуқароларга «Барака» ижтимоий картаси бепул расмийлаштириб берилади.

Янги механизм нафақа олиш жараёнини соддалаштириш ва давлат ижтимоий суғуртаси тизимидаги хизматларни рақамлаштиришга қаратилган. Энди тўловларни олиш учун банк ва бошқа идораларга қўшимча мурожаат қилиш зарурати камаяди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига кўра, электрон шаклдаги тўловлар нафақа маблағларини фуқароларга янада тезкор ва шаффоф етказиш имконини беради.

Нафақа тайинланганини аниқлаш, тўлов муддати ёки касаллик нафақаси миқдори бўйича маълумот олиш учун фуқаролар 1070 ишонч рақамига қўнғироқ қилиши ёки маҳаллага бириктирилган «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг Тўловлар шўбасига мурожаат қилиши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид

Ҳомиладорлик ва касаллик нафақалари «Барака» картасига ўтказилади | Vaqt.uz