
Жаҳон чемпионатини ғалаба билан бошлаган U-17, дивиденд тўламоқчи бўлган UzAuto Motors ва Mobiuz'ни сотиб олиш учун рақобат — 5 ноябр дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистон ўсмирлари жаҳон чемпионатини ғалаба билан бошлади
Қатардаги U-17 жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси мусобақани ғалаба билан бошлади. Ислам Исмоилов шогирдлари биринчи турда Парагвай устидан 2:1 ҳисобида зафар қучди. Ўзбекистонлик ҳужумчи Азизбек Абдумўминов иккита гол урди — бири 25-дақиқада, иккинчиси биринчи бўлимга қўшиб берилган вақтда.
Беллашув охирида Парагвай пеналтидан бир гол қайтарган бўлса-да, натижа ўзгармади. Шундай қилиб, Ўзбекистон ва Ирландия биринчи турдан сўнг гуруҳда уч очкодан жамғариб пешқадамликни бўлишмоқда. Кейинги баҳсда ўзбекистонликлар 8 ноябр куни Ирландияга қарши майдонга тушади.
Ўзбекистондаги ўлимларнинг 70 фоиздан ортиғида экологиянинг ҳиссаси бор
Ўзбекистон бўйича экологик ҳолатга бағишланган UNECE’нинг “Uzbekistan — National State of the Environment Report 2023” ҳисоботига кўра, мамлакатдаги ўлимларнинг 70 фоиздан ортиғи саратон, юрак-қон томир ва қон касалликлари билан боғлиқ. Бу касалликлар генетика, турмуш тарзи ва атроф-муҳит омиллари таъсирида юзага келади. Ҳаво сифати паст бўлган шаҳарларда (Тошкент, Олмалиқ, Чирчиқ, Фарғона, Навоий ва Ангрен) ифлосланиш нафас йўллари, саратон ва юрак-қон томир касалликларини кучайтирмоқда. Болалар айниқса хавф остида: Қорақалпоғистонда беш ёшгача бўлган болаларда ривожланиш кечикиши ва ўпка сиғими пастлиги қайд этилган.
Сув сифати ҳам саломатликка жиддий хавф солмоқда: аҳолининг тахминан 30 фоизи марказлашмаган манбалардан сув истеъмол қилади. Қишлоқ ҳудудларда сув тармоқлари билан қамров паст, айрим жойларда юқори минераллик ва флуор етишмаслиги юрак-қон томир, жигар, сийдик йўллари касалликлари ва саратон хавфини оширади. Эскирган қувур тармоқлари сувнинг микробиологик ифлосланишига олиб келмоқда.
Ўзгидромет қор кўчиши хавфидан огоҳлантирди
5–7 ноябр кунлари ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариши натижасида Чотқол тизмаси тоғларида, айниқса 2000 метрдан баланд ҳудудларда қор кўчиши хавфи мавжуд. Бу ҳақда Ўзгидромет огоҳлантирди.
«Тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда тоғли йўлларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёт чораларини кўришларини сўраймиз», — дейилади Ўзгидромет тезкор ахборотида.
Маълум қилинишича, 5–6 ноябр кунлари мамлакат бўйлаб совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши натижасида об-ҳаво кескин ўзгаради. Ҳарорат тунда 0…+3 даража илиқ атрофида бўлиб, айрим ҳудудларда совуқ тушиши мумкин. Кундуз кунлари эса ҳаво +5…+10 даража илиқ бўлиши кутилмоқда.
UzAuto Motors дивиденд тўламоқчи — фонд бозори янгиликлари
UzAuto Motors кузатув кенгаши ҳар бир акция учун 4 642 сўм дивиденд тўлашни тавсия қилди. Дивиденд даромадлилиги жорий бозор нархига нисбатан 8,9 фоизни ташкил этади. Акцияларни дивиденд олиш ҳуқуқи билан сотиб олиш учун охирги сана — 14 ноябр, акциядорлар рўйхати 18 ноябрда шаклланади, якуний қарор эса 24 ноябрдаги акциядорлар йиғилишида қабул қилинади. UzAuto Motors — Ўзбекистон фонд бозоридаги энг йирик эмитентлардан бири бўлиб, акциялари юқори ликвидликка эга. Дивиденддан 5 фоиз солиқ ундирилади, бу депозитлардан олинадиган солиққа (12 фоиз) нисбатан паст.
Инвесторлар учун муҳим жиҳат: Ex-дивиденд санасидан (тахминан 17 ноябр) кейин акция нархи одатда дивиденд миқдорига яқин даражада пасаяди. Масалан, агар акция 52 300 сўм атрофида бўлса, пасайишдан кейин тахминан 47 658 сўмга тушиши мумкин. Дивидендлар компания нақд пул оқими барқарор эканини кўрсатади, аммо бу мунтазам сиёсатга айланадими ёки бир марталик тўловми — ҳали номаълум. Қисқа муддатли инвесторлар учун ликвидлик риски мавжуд, узоқ муддатли инвесторлар эса акция нархининг тузатилишини кутиб, кейин киришни кўриб чиқишлари мумкин.
Mobiuz'ни сотиб олиш учун финал босқичида 10 та компания рақобатлашади
Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) Mobiuz мобил операторини сотиб олиш бўйича 10 компаниядан мажбурий бўлмаган таклифларни қабул қилганини маълум қилди. Савдоларга Rothschild & Co ва KPMG халқаро молиявий маслаҳатчи сифатида жалб этилган. Дастлаб 16 компания қизиқиш билдирган бўлса, улардан 10 таси кейинги босқичга ўтди. Инвесторлар виртуал маълумотлар ҳужраси орқали компаниянинг молиявий ва ҳуқуқий кўрсаткичлари билан танишиш имкониятига эга.
Энди инвесторлар мажбурий таклифларни 19 декабрга қадар электрон аукцион платформаси орқали юбориши мумкин. Аввалроқ ҳукумат Mobiuz’нинг 100 фоиз улушини тахминан 300 миллион долларга сотишни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди.





