
Ўзбекистондаги ўлимларнинг 70 фоиздан ортиғида экологиянинг ҳиссаси бор
Қорақалпоғистонда беш ёшгача бўлган болаларда жисмоний ривожланиш кечикиши кўпроқ учрамоқда.

Бу ҳақда БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси (UNECE) томонидан эълон қилинган “Uzbekistan — National State of the Environment Report 2023” ҳисоботида маълум қилинди.
Ўзбекистон статистика агентлиги маълумотларига кўра, саратон, юрак-қон томир касалликлари, қон ва қон ҳосил қилувчи органлар касалликлари мамлакатдаги ўлимларнинг 70 фоиздан ортиғига сабаб бўлган. Яъни, деярли ҳар уч кишидан икки нафари айни шу касалликар туфайли вафот этган.
Ўзбекистонликларнинг юқорида саналган тўрт касаллик туфайли 70 ёшга етмасдан олдин вафот этиш эҳтимоли 26,9 фоизни ташкил этади. Эркаклар бу хавфга кўпроқ дуч келади (32,9 фоиз), аёлларда эса 21,4 фоиз. Қизиғи бундай касалликлар генетик хусусият, атроф-муҳит ва турмуш тарзи комбинацияси оқибатида пайдо бўлади. Кўпчилик ҳудудларда энг кенг тарқалган касалликлар нафас йўллари касалликлари ҳисобланади, айниқса Қорақалпоғистонда қон ва қон ҳосил қилувчи органлар касалликлари кўпроқ учрайди.
Ҳаво сифати
Ўзбекистоннинг йирик шаҳарлари (Тошкент, Олмалиқ, Чирчиқ, Фарғона, Навоий, Ангрен)да ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳавонинг ифлосланиши юрак-қон томир, нафас йўллари ва саратон касалликларини кучайтиради. Нафас йўллари касалликлари аҳолининг тиббий муассасаларга мурожаат қилишларининг 20 фоиздан ортиғини ташкил қилади.
Ҳаво сифати айниқса болаларга қаттиқ таъсир қилади: астмага чалинган болаларда НО₂ газига узоқ муддат дуч келиш бронхит аломатларини кучайтиради. Шунингдек, иситиш мавсумида ички хонадондаги карбон моноксид (CО) даражаси гигиеник стандартдан ошиши кузатилади. Қорақалпоғистонда беш ёшгача бўлган болаларда жисмоний ривожланиш кечикиши кўпроқ учрамоқда, мактаб ёшидаги болаларда эса ўпка сиғими ва мушак кучи пасайган.
Сув сифати
Хавфли инфекциялар сўнгги йилларда қайд этилмаган бўлса-да, хавфсиз ичимлик суви муҳим аҳамиятга эга. 2021 йилда Ўзбекистон аҳолиси тахминан 70 фоиз марказлашган сув тармоқлари билан қамраб олинган, аммо қишлоқ ҳудудларда бу кўрсаткич паст (Қорақалпоғистон 52 фоиз, Бухоро 53 фоиз ва бошқалар). Тахминан 30 фоиз аҳолиси алтернатив манбалардан фойдаланади.
Кўп жойларда сувнинг соатлик таъминоти микробиологик сифатига таъсир қилади. Эскирган ва янгиланмаган тармоқлар сувнинг ифлосланишига ва йўқотилишига олиб келади. Ичимлик сувининг юқори минераллиги юрак-қон томир, қон, жигар ва сийдик йўллари касалликлари ҳамда саратон хавфини оширади. Энг юқори минераллик Бухоро, Хоразм, Фарғона, Тошкент, Сирдарё, Навоий ва Қорақалпоғистон айрим ҳудудларида кузатилади. Флуор етишмаслиги эса бутун мамлакат бўйича мавжуд. Ёз ойларида, сув миқдори камайган пайтларда, марказлашган сув манбаларида минерал тузлар концентрацияси ошади, айниқса Амударё паст оқими ва айрим вилоятларда.





