ЖЧ-2026 учун якуний таркиб, биржадаги 243 миллиардлик савдо ва Қизилқумда пайдо бўлган кўл — 2 июн дайжести

Кеча 22:462 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

ЖЧ-2026 учун якуний таркиб, биржадаги 243 миллиардлик савдо ва Қизилқумда пайдо бўлган кўл — 2 июн дайжести

Ўзбекистоннинг мундиал учун 26 кишилик таркиби маълум бўлди

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ЖЧ-2026 учун 26 кишилик якуний таркиби шакллантирилди. Маълумотларга кўра, бош мураббий Фабио Каннаваро кенгайтирилган 30 кишилик рўйхатдан тўрт нафар футболчини чиқариб ташлаган. Натижада Шерзод Темиров, Жасур Жалолиддинов, Русланбек Жиянов ва Умарали Раҳмоналиев якуний таркибдан ўрин олмади.

Ўзбекистон таркибидан Ўткир Юсупов, Ботирали Эргашев, Абдувоҳид Неъматов, Фарруҳ Сайфиев, Ҳожиакбар Алижонов, Шерзод Насруллаев, Беҳруз Каримов, Авазбек Ўлмасалиев, Жаҳонгир Ўрозов, Рустам Ашурматов, Умар Эшмуродов, Абдуқодир Ҳусанов, Абдулла Абдуллаев, Отабек Шукуров, Жамшид Искандеров, Азиз Ғаниев, Шерзод Эсанов, Одил Ҳамробеков, Акмал Мозговой, Элдор Шомуродов, Аббос Файзуллаев, Жалолиддин Машарипов, Достон Ҳамдамов, Остон Ўрунов, Азиз Амонов ва Игор Сергеев ўрин олган. Терма жамоа мундиалда иштирок этадиган 26 нафар футболчи рўйхатини ФИФАга тақдим этган.

Май ойида биржада акциялар савдоси 243 млрд сўмдан ошди

2026 йил май ойида «Тошкент» республика фонд биржасида акциялар савдосининг умумий ҳажми 243,27 млрд сўмни ташкил қилди. Ҳисобот даврида жами 60 084 та битим тузилган бўлиб, савдоларнинг 23,67 млрд сўми ёки қарийб 10 фоизи асосий савдо майдончаси ҳиссасига тўғри келган.

Асосий савдо майдончасида энг катта айланма «UzNIF» акцияларида қайд этилиб, савдо ҳажми 12,18 млрд сўмга етди. Кейинги ўринларда «Ҳамкорбанк» (2,79 млрд сўм), «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» (2,25 млрд сўм) ва «Uztelecom» (1,44 млрд сўм) акциялари жойлашган. Шу билан бирга, «UzNIF», «Ipotekabank» ва «Uztelecom» акциялари савдосида ўсиш кузатилган бўлса, айрим банк ва биржа акцияларида фаоллик пасайган.

Европа рад этган мигрантларни Ўзбекистон қабул қиладими?

«Politico» нашри Европа Иттифоқи бошпана бериш рад этилган мигрантлар учун учинчи давлатларда махсус марказлар ташкил этиш имкониятини кўриб чиқаётгани ва бу жараёнда Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон номи тилга олингани ҳақида хабар берди.

Бироқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур хабарни рад этди. Вазирлик матбуот котиби Омонулла Файзиевнинг билдиришича, Европа Иттифоқи билан бу масалада ҳеч қандай музокаралар олиб борилмаяпти ва бундай музокаралар режалаштирилмаган. Қозоғистон расмийлари ҳам ўз ҳудудида мигрантлар марказларини ташкил этиш бўйича музокаралар бўлганини инкор қилди.

Қизилқум чўлида аномал ёмғирлардан сўнг йирик кўл пайдо бўлди

Бухоро вилояти Пешку туманидаги Газли шаҳарчаси яқинида сўнгги ярим йилда меъёрдан уч баравар кўп ёғингарчилик кузатилиши натижасида катта сув ҳавзаси пайдо бўлди. Илгари сувсиз бўлган «Шўрбулоқ» ҳудудида шаклланган кўлнинг майдони ҳозирда тахминан 80 квадрат километрга етган.

Мутахассисларга кўра, кўлнинг пайдо бўлишига нафақат аномал ёмғирлар, балки гидротехник ишлар ҳам таъсир кўрсатган. Балиқчиликни ривожлантириш учун қазилган каналлар ва сизот сувларининг йўналтирилиши натижасида сув ҳавзаси шаклланган бўлиб, унга сув 126 километрлик коллектор канали орқали келиб тушмоқда.

Теглар

Мавзуга оид