ЖСТга бир қадам, Тошкент учун махсус комиссия ва ёмғир сўраб ўқиладиган истисқо намози — 25 ноябр дайжести

25.11.2025 | 21:354 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

ЖСТга бир қадам, Тошкент учун махсус комиссия ва ёмғир сўраб ўқиладиган истисқо намози — 25 ноябр дайжести

ЖСТга аъзолик бўйича музокара: Россия қарийб рози, битта Тайван қолди

Президентнинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Уруновнинг маълум қилишича, Москвада Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича Россия билан музокаралар юзасидан самарали учрашув ўтказилди. Музокаралар деярли якунига етган: асосий мазмунли масалалар тўлиқ келишиб олинган, фақат техник деталларни якунлаш қолган.

Ўзбекистон делегацияси номидан Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников, директор Екатерина Майорова, элчи Николай Платонов ва бошқа музокарачиларга аниқлик ва конструктив ёндашув учун миннатдорлик билдирилди.

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги музокаралар дунё савдо тизимидаги ҳамкорликнинг муҳим босқичи бўлиб, ЯИҲга қўшилиш жараёнида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Женевада декабр ойида бўлиб ўтадиган ЖСТ Бош кенгаши йиғилишида ушбу икки томонлама келишувни расман эълон қилиш режалаштирилган. Шу билан Ўзбекистонга фақат Хитой Тайпейи (Тайван) билан қолган икки томонлама музокараларни якунлаш қолди.

Экология инспекторига куч ишлатган «замҳоким» ишдан олинди

Фарғона вилояти Бувайда тумани ҳокими ўринбосари Экология қўмитаси инспекторини калтаклаб, Миллий гвардия ёрдамида ИИБга олиб кетганидан сўнг лавозимидан озод этилди. Ҳодиса юзасидан тузилган махсус комиссия ўрганиш ўтказиб, ҳоким ўринбосарининг хатти-ҳаракатларини қонуний асоссиз деб топди ва уни ишдан олиш бўйича қарор қабул қилинди. Вилоят прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув давом этмоқда.

Инспектор Ахроржон Ниёзов аҳоли мурожаати асосида ноқонуний дарахт кесилишини расмийлаштиришга чиққан пайтда ҳоким ўринбосари томонидан зўравонликка дуч келган. Рейд давомида Найман маҳалласидан 26 тўп дарахт қонунга хилоф равишда кесилгани аниқланиб, 10,3 млн сўм жарима ва 45,8 млн сўмлик атроф-муҳитга зарар ҳисобланган. Тергов якунида ҳоким ўринбосарининг қилмишига ҳуқуқий баҳо берилади.

«Ўткан кунлар» можароси: ноқонуний таржимани тарқатган ЎзДЖТУ ходими жаримага тортилди

Адлия вазирлиги ЎзДЖТУда ўтказган ўрганишда америкалик таржимон Марк Ризнинг «Ўткан кунлар» романи (“Bygone Days”) унинг рухсатисиз тўлиқ электрон шаклга ўтказилиб, unilibrary.uz’га жойлангани аниқланди. Суд масъул ходимни муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун 2,06 миллион сўм жаримага тортиб, асарнинг электрон нусхасини тизимдан ўчиртди.

Мазкур можаро ижтимоий тармоқлардаги мурожаатдан кейин кўтарилган бўлиб, вазирлик университетда муаллифлик ҳуқуқи бўйича қўшимча семинар ҳам ўтказди. Таржимон Марк Риз қонунга мувофиқ ҳуқуқбузардан БҲМнинг 20 бараваридан 1000 бараваригача — 8,24 миллиондан 412 миллион сўмгача товон пули талаб қилиш ҳуқуқига эга экани маълум қилинди.

Барча масжидларда ёмғир сўраб истисқо намози ўқилади — Мусулмонлар идораси

Ўзбекистонда жорий куз мавсуми ёмғирсиз ўтаётгани ва яқин кунларда ҳам ёғингарчилик кутилмаётгани боис Мусулмонлар идораси раҳбари, муфтий Нуриддин Холиқназар ташаббуси билан мамлакат масжидларида истисқо намози ўқилиши белгиланди. Бу ҳақда Мусулмонлар идораси матбуот хизмати хабар берди.

Диний идора маълумотига кўра, 2025 йил 28 ноябр куни жума намозидан кейин барча масжидларда «Аллоҳдан ёмғир сўраб», жамоат билан икки ракат истисқо намози адо этилади.

«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмғир ёғмай, сувсизлик бўлган даврларда жамоат билан қиблага юзланиб дуо қилганлари, кейин ўзлари имом бўлиб намоз ўқиганлари ривоят қилинган. Аллоҳ таолодан сув-ёмғир сўраладиган истисқо намози фазилати ҳадис китобларида баён қилинган», дейилади матбуот хизматининг хабарида.

Қарорга кўра, истисқо билан бир қаторда вилоят ва туман марказларидаги масжид ва зиёратгоҳларда жонлиқлар сўйилиб, етим-есирлар ва муҳтож оилаларга тарқатилади. Бу амал қурғоқчилик пайтида хайр-эҳсон қилингани барака келтириши ҳақидаги диний таълимотларга таянган ҳолда амалга оширилиши айтилган.

Тошкент шаҳри экологияси бўйича махсус комиссия тузилади — Президент фармони

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича фармон қабул қилиб, пойтахтда махсус комиссия тузди. Комиссия ҳаво ифлосланишини камайтириш, яшил ҳудудларни кўпайтириш, экологик талабларни кучайтириш ва саноат ҳамда транспорт чиқиндиларини чеклашга қаратилган амалий чораларни ишлаб чиқади.

Комиссия экологик чораларнинг ижросини назорат қилиш, масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва жамоатчилик назоратини таъминлаш билан шуғулланади. Фармондаги вазифаларнинг бир қисми республика миқёсида қўлланилса, айримлари Тошкентнинг ўзига хос экологик муаммоларини бартараф этишга қаратилган бўлиб, аҳоли саломатлигига таъсир қилувчи омилларни босқичма-босқич камайтириш режалаштирилган.

Президент фармонига мувофиқ, катта қурилиш майдонларида мониторинг станциялари ўрнатилади, Тошкент яқинидаги барча иссиқхоналар газ билан таъминланади, Ммаиший ҳаво тозалагичлар учун бож бекор қилинди.

Теглар

Мавзуга оид