
«Ўткан кунлар» можароси: ноқонуний таржимани тарқатган ЎзДЖТУ ходими жаримага тортилди
Таржимон 8,24 млн сўмдан 412 млн сўмгача товон пули талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Ижтимоий тармоқларда америкалик таржимон ва шарқшунос олим Марк Ризга тегишли «Ўткан кунлар» романининг инглиз тилидаги таржимаси («Bygone Days») ноқонуний тарқатилаётгани ҳақида мурожаат эълон қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мурожаат асосида Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ўрганиш ўтказилди. Натижада ушбу асар Марк Риздан рухсат олинмасдан, ҳеч қандай шартномасиз тўлиқ ҳолда электрон шаклга ўтказилгани ва unilibrary.uz тизимига жойлангани аниқланган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177¹-моддаси (муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни бузиш) билан баённома расмийлаштирилган. Суд қарорига кўра, масъул ходимга 2 060 000 сўм миқдорида жарима белгиланиб, асарнинг электрон нусхаси unilibrary.uz тизимидан ўчириб ташланган.
Бундан ташқари, Адлия вазирлиги ходимлари ЎзДЖТУда муаллифлик ҳуқуқига риоя қилиш бўйича семинар-тренинг ўтказган.
Вазирлик таржимон Марк Ризга ҳуқуқбузардан БҲМнинг 20 бараваридан 1000 бараваригача (8,24 млн — 412 млн сўм) миқдорда товон пули талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлигини маълум қилган.





