Logo

Каннаваро: «Ўз режамиз ва стратегиямиз бор, Португалиядан қўрқмаяпмиз»

Бугун 10:533 дақиқа

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Португалияга қарши ўйин олдидан рақибдан қўрқмаслигини, уни кучини тан олган ҳолда, ғалаба учун ўйнашга ҳаракат қилишини маълум қилди.

Каннаваро: «Ўз режамиз ва стратегиямиз бор, Португалиядан қўрқмаяпмиз» © UFA

Жаҳон чемпионати-2026 гуруҳ босқичининг иккинчи турида Португалияга қарши баҳс олдидан Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро ва жамоа сардори Элдор Шомуродов расмий матбуот анжуманида иштирок этди.

Каннаваро Португалияни турнирдаги энг кучли жамоалардан бири деб атади. Унинг таъкидлашича, рақиб таркибида юқори савиядаги қанот футболчилари, жаҳоннинг энг яхши ярим ҳимоя чизиқларидан бири ҳамда футбол тарихидаги энг буюк ўйинчилардан бири бор.

«Рақибимиз Жаҳон чемпионатидаги энг кучли жамоалардан бири ҳисобланади. Агар Португалия жамоасини таҳлил қилиб кўрсангиз, уларнинг қанотларда жуда кучли футболчилари бор, дунёнинг энг яхши ярим ҳимоя чизиқларидан бирига эга, шунингдек футбол тарихидаги энг яхши футболчиларидан бири ҳам шу жамоада ўйнайди. Шундай экан, бу осон ўйин бўлмайди. Лекин биз Жаҳон чемпионатидамиз, жамоа сифатида ҳаракат ва меҳнат қилишимиз зарур. Чунки ижобий натижа билан майдонни тарк этишнинг ягона йўли шу», — деди Каннаваро.

Шунингдек, Элдор Шомуродов ҳам жамоада босим йўқлигини айтиб, эртага ўйин осонроқ бўлишини маълум қилди:

«Бизда ажойиб жамоа шаклланган. Биринчи ўйиндан кейин бизда ишонч шаклланган, биз аллақачон дебют қилиб бўлдик. Биз эртага яхши натижа учун майдонга чиқамиз», — дейди жамоа сардори.

Фабио Каннаваро Португалияга қарши ўз стратегияси ва режаси борлигини айтиб:

«Биз жуда кучли жамоага қарши майдонга тушаётганимизни биламиз, аммо аввал ҳам айтганимдек, биз бундан қўрқмаймиз. Қўлимиздан келган энг яхши ўйинни кўрсатишга ва учрашув охиригача курашишга ҳаракат қиламиз», — деди.

Шу билан бирга Каннаваро қарши жамоада кучли ўйинчилар борлигини таъкидлаб, уларни бир лаҳзага ҳам эътиборсиз қолдириб бўлмаслигини айтди.

«Аввал ҳам айтганимдек, биз фақат Криштиануга қарши ўйнамаймиз. У футбол тарихидаги энг буюк футболчилардан бири, бироқ Португалия фақат Роналдудан иборат эмас. Уларнинг асосий таркибида ҳам, захирасида ҳам жуда кўп юқори савияли футболчилар бор. Шунга қарамай, жарима майдонида Роналдуни бир лаҳзага ҳам эътиборсиз қолдириб бўлмайди. У стандарт вазиятларда ҳам, ўйин давомида ҳам исталган пайт гол уришга қодир. Шу боис бутун ўйин давомида максимал даражада диққатли бўлишимиз керак», — деди бош мураббий.

Каннаваронинг сўзларига кўра, мураббийлар штаби рақибнинг ўйин услубини чуқур таҳлил қилган. Португалия тўп назорати орқали ўйинни бошқаришни ёқтиради ва учрашувларни жуда фаол бошлайди.

Шунингдек, бош мураббий жамоага келганидан буён асосий эътиборини футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилашга қаратганини маълум қилди.

«Айрим футболчилар турли чемпионатларда ўйнаган, баъзиларида эса маълум муаммолар мавжуд эди. Шунга қарамай, сўнгги ўйин давомида футболчиларнинг ҳолати яхши эканини кўрдим. Жамоа учрашувни юқори темпда якунлади ва барча ўзини яхши ҳис қилди», — дейди у.

Шомуродов Колумбияга қарши биринчи турдаги 1:3 ҳисобидаги мағлубиятга ҳам тўхталиб:

«Биринчи бўлимда мураббий кўрсатмаларини тўлиқ бажаролмаганимиз эвазига хатолар келиб чиқди, деб ўйлайман. Эртага бундай хатоларни такрорламасдан, ўз ўйинимизни кўрсатишга, тўпни кўпроқ назорат қилиб, вазиятлар яратишга ҳаракат қиламиз», — деди.

Маълумот учун, Ўзбекистон ва Португалия ўртасидаги баҳс 23 июн куни Хьюстон шаҳридаги «Houston Stadium» аренасида бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 22:00 да бошланади.

Теглар

Мавзуга оид