
Киберфирибгарликда айбланган фуқаро Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилинди
Маълумотларга кўра, 2005 йилда туғилган ўзбекистонлик фуқаро 10 нафардан ортиқ юртдошларимизнинг маблағларини ўзлаштириб кетган.
Ўзбекистон ва Туркия ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида амалга оширилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида киберфирибгарлик жиноятларида айбланаётган ва 10 нафардан ортиқ ватандошнинг маблағларини ўзлаштирган фуқаро — З.У.Д. (2005 йилда туғилган) Ўзбекистон ҳудудига депортация қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси расман хабар берди.
Маълумотларга кўра, мазкур шахсга нисбатан халқаро ҳамкорлик доирасида қидирув ва процессуал ҳаракатлар амалга оширилган. У мамлакатга қайтарилгандан сўнг суриштирув-тергов ишлари белгиланган тартибда давом эттирилади.
Истанбулдаги Бош консулхона жабрланувчи фуқаролардан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари ёки консулхонага мурожаат қилишни сўради.
Консулхона маълумот беришича, хорижда, жумладан Туркияда жиноий жавобгарликдан қочиб яширинаётган шахсларга нисбатан таъқиб ишлари изчил давом эттирилади. «Жиноят учун жавобгарлик» тамойили қатъий таъминланиши таъкидланди.
Шу билан бирга, сўнгги вақтларда турли киберфирибгарлик ҳолатлари бўйича мурожаатлар сони ортиб бораётгани қайд этилди. Шу муносабат билан фуқароларга шубҳали ҳаволалар ва таклифларга ишонмаслик, шахсий маълумотларини бегона шахсларга бермаслик тавсия қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия одам савдосида айбланган икки ўзбекистонлик аёлни депортация қилганлиги ҳақида хабар берган эдик.





