
Китобхонликни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади
Истеъдодли муаллифларга ижод қилиш учун барқарор шарт-шароит яратиш мақсадида бир йилгача муддатга ҳар ой базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача ҳақ тўлаш жорий этилади.

Ўзбекистонда китобхонлик маданиятини тизимли ривожлантиришга қаратилган янги молиявий ва ташкилий механизм жорий этилади. 2026 йил 15 январда қабул қилинган «Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ, мамлакатда 2026–2030 йиллар давомида ҳар бир инсон ўқийдиган китоблар сонини йиллик ўртача 10 тага етказиш мақсад қилиб қўйилди.
Қарорда белгиланишича, бу мақсадга эришиш учун Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. Жамғарманинг васийлик кенгаши таркиби ҳам тасдиқланиб, унинг фаолияти орқали адабиёт соҳасидаги устувор лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.
Жамғарма маблағлари, аввало, ёш ижодкорлар ва болалар адабиётини рағбатлантиришга йўналтирилади. Хусусан, танлов асосида ёш ёзувчиларга грантлар ажратиш, уларнинг асарларини нашр этиш ҳамда болалар адабиёти бўйича махсус лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш режалаштирилган.
Шунингдек, истеъдодли муаллифларни аниқлаш ва уларга ижод қилиш учун барқарор шарт-шароит яратиш мақсадида бир йилгача муддатга ҳар ой базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача ҳақ тўлаш амалиёти жорий этилади. Бу чора муаллифларнинг ижодий фаоллигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Қарорда таржима соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Энг сара хорижий асарларни ўзбек тилига, миллий адабиёт намуналарини эса хорижий тилларга таржима қилиш ва нашр этиш харажатларининг 50 фоизи, муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ харажатларнинг эса 80 фоизи қоплаб берилади. Бундан ташқари, жамғарманинг васийлик кенгаши аъзоларига ҳар чоракда рағбатлантирувчи тўловлар белгиланган.





