Logo

Кўмир нархларининг асослилиги текширилади

Асоссиз юқори нарх ва ортиқча устама қўйган сотувчиларга чора кўрилади.

Кўмир нархларининг асослилиги текширилади © inbusiness.kz

Ўзбекистонда кўмир маҳсулотини истеъмолчиларга етказиб беришда қўлланилаётган нархларнинг асослилиги ўрганилади. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси маълум қилди.

Ўрганиш жараёнида кўмир маҳсулоти нархларининг шаклланиши ва истеъмолчиларга етказиб беришда қўлланилаётган нархларнинг иқтисодий асосланганлигига алоҳида эътибор қаратилади. Қонунчилик талабларига зид ҳолатлар аниқланган тақдирда, тегишли чоралар кўрилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 30-июлдаги 418-сон қарорига мувофиқ, қўмита томонидан қуйидагилар назорат қилинади:

— устун мавқега эга корхоналар томонидан қазиб чиқарилган кўмир нархининг рақобат шароитида шаклланадиган нархдан асоссиз юқори белгиланмаслиги;
— аҳоли ва бюджет ташкилотларига кўмирни етказиб бериш учун масъул бўлган тадбиркорлар томонидан биржада сотиб олинган маҳаллий кўмир учун ортиқча устама (ортиқча харажатлар) қўлланмаслиги;
— кўмир бозорида иқтисодий концентрация бўйича давлат назорати ўрнатилиши.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ аҳолига суюлтирилган газ ва кўмир етказиб берилишини ИИВ назорат қилиши ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Мавзуга оид