Logo

Марказий банк мурожаатлар бўйича энг салбий кўрсаткичга эга 10 та банкни эълон қилди

Бугун 11:322 дақиқа

Йилнинг иккинчи чорагида шикоятлар улуши энг юқори бўлган банклар орасида Avo Bank етакчилик қилмоқда.

Марказий банк мурожаатлар бўйича энг салбий кўрсаткичга эга 10 та банкни эълон қилди © Vaqt.uz

Марказий банк 2026 йилнинг иккинчи чораги якунлари бўйича банк хизматлари сифатини ошириш ва мижозлар манфаатларини таъминлаш мақсадида тижорат банклари фаолияти юзасидан келиб тушган мурожаатлар таҳлилини эълон қилди.

Маълумотларга кўра, ҳисобот даврида Марказий банкка тўғридан тўғри ҳамда бошқа давлат органлари орқали банклар фаолияти юзасидан 11 331 та мурожаат келиб тушган.

Мурожаатлар индекси банкларга келиб тушган мурожаатлар сонининг уларнинг фаол мижозлари сонига нисбати асосида ҳисобланган. Индекс қанчалик юқори бўлса, банкнинг мижозлар базасига нисбатан мурожаатлар улуши ҳам шунчалик катта ҳисобланади.

Иккинчи чорак якунларига кўра, энг юқори индекс Avo Bankда қайд этилди — 4,42.

Мурожаатлар бўйича энг салбий индексга эга 10 та банк қуйидагича:

●     Avo Bank — 4,42;

●     Бизнесни ривожлантириш банки — 2,78;

●     Микрокредитбанк — 2,69;

●     TBC Bank — 2,63;

●     Anor Bank — 1,84;

●     Invest Finans Bank — 1,46;

●     Туронбанк — 1,46;

●     Асакабанк — 1,28;

●     Ипотека Банк — 1,09;

●     Капиталбанк — 1,07.

Марказий банк таъкидлашича, мижозлар сонига нисбатан мурожаатлар улушининг юқори бўлиши банклар қуйидаги йўналишларга алоҳида эътибор қаратиши зарурлигини кўрсатади:

●     мижозларга банк маҳсулотлари ва хизматлари бўйича етарли тушунтириш бериш;

●     мурожаатларга ўз вақтида ва сифатли жавоб тақдим этиш;

●     такрорий мурожаатларга сабаб бўлаётган тизимли камчиликларни бартараф этиш;

●     мижозларга хизмат кўрсатиш сифати ва ички назорат механизмларини кучайтириш.

Шу муносабат билан регулятор банкларга мурожаатлар сабабларини чуқур таҳлил қилиш, уларни кўриб чиқиш жараёнларини такомиллаштириш ҳамда мижозлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган чораларни кучайтиришни тавсия қилди.

Марказий банк изоҳига кўра, мазкур индекс банкларнинг молиявий барқарорлиги ёки ишончлилигини баҳоламайди. У фақат фаол мижозлар сонига нисбатан банк фаолияти юзасидан келиб тушган мурожаатлар улушини акс эттиради. Шунингдек, ҳисобот чорагида 100 тадан кам мурожаат келиб тушган банклар бўйича индекс ҳисобланмайди.

Мурожаатлар индекси қандай ҳисобланади?

Индекс банкнинг мурожаатлар сони бўйича бозор улушини мижозлар сони бўйича бозор улушига бўлиш орқали аниқланади. Яъни банкнинг мурожаатлар улуши унинг мижозлар базасига нисбатан қанчалик юқори эканини кўрсатади. Бу ёндашув турли ҳажмдаги банкларни ўзаро солиштириш имконини беради.

Теглар

Мавзуга оид