add

Марказий банк рақамли сўм ишлаб чиқишни бошлади

Ўзбекистонда миллий рақамли валютани жорий этиш бўйича ишлар бошланиб, апрелгача ундан фойдаланишга ўтиш кутилмоқда.

Марказий банк рақамли сўм ишлаб чиқишни бошлади

Ўзбекистонда рақамли сўмни жорий этиш бўйича дастлабки тадқиқот ишлари бошланди. Бу ҳақда Марказий банк раиси ўринбосари Нодирбек Очилов маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, регулятор рақамли миллий валютани ишлаб чиқишнинг турли сценарийларини ўрганмоқда.

Марказий банк ҳозирча рақамли сўмни жорий этишнинг аниқ моделини белгиламаган. Тадқиқотлар чакана рақамли валюта — аҳоли ва бизнес учун мўлжалланган тўлов воситасидан тортиб, улгуржи рақамли валюта, яъни фақат банклараро ҳисоб-китобларда қўлланиладиган шаклларини ҳам қамраб олмоқда. Бу жараён иқтисодиётга бўлган эҳтимолий таъсирларни баҳолашни назарда тутади.

Нодирбек Очиловнинг таъкидлашича, рақамли валюталар мавзуси Марказий банкда 2023 йилдан буён изчил ўрганиб келинмоқда. Ушбу масала давлат раҳбари даражасида ҳам муҳокама қилинган бўлиб, молия тизимини рақамлаштириш шароитида унинг аҳамияти тобора ошиб бормоқда.

Марказий банк раҳбарияти қайд этишича, рақамли сўмни жорий этиш борасидаги жараён нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа мамлакатларда ҳам ҳали тадқиқот босқичида. Жумладан, Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари ва ривожланган давлатларда ҳам марказий банк рақамли валюталари бўйича якуний қарорлар қабул қилинмаган.

Мисол тариқасида, Марказий банк Швейцария ҳамкасблари билан ушбу йўналишда семинарлар ўтказган. Уларда ҳам марказий банк рақамли валютаси концепцияси ҳозирча тадқиқот босқичида экани таъкидланган.

Марказий банк маълумотларига кўра, криптоактивлар бозорининг жадал ўсиши марказий банкларни давлат кафолатига эга рақамли валюталарни ўрганишга ундамоқда. Шу боис Ўзбекистонда ҳам алоҳида тадқиқ гуруҳлари ташкил этилган.

Президент қарори билан тасдиқланган 2025–2026 йилларга мўлжалланган молиявий технологияларни қўллаб-қувватлаш дастурига мувофиқ, 2026 йил апрелига қадар рақамли сўмни тўлов воситаси сифатида жорий этиш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши кутилмоқда.

Маълумот ўрнида, Марказий банкнинг рақамли валютаси — бу давлат томонидан чиқариладиган, миллий пулнинг рақамли шакли. У марказий банк назорати остида бўлади ва оддий пул каби тўлов, ўтказма ҳамда ҳисоб-китобларда ишлатилади. Бу валюта нақд пулга қўшимча сифатида жорий этилади ва унга тенг қийматга эга бўлади. Марказий банк рақамли валютаси тўловларни тез, хавфсиз ва шаффоф қилишни мақсад қилади.

Теглар

Мавзуга оид