add

Москвада меҳнат бозоридаги танқислик 500 минг мутахассисга етди

Кеча 13:223192 дақиқа

Сергей Собянин Россия пойтахти иқтисодиётида барча тармоқларда 500 мингга яқин кадр етишмаётганини билдирди. Энг катта талаб юқори малакали ишчи касбларга тўғри келмоқда.

Москвада меҳнат бозоридаги танқислик 500 минг мутахассисга етди

Москва мэри Сергей Собянин «Москва 24» телеканалига берген интервюсида пойтахт меҳнат бозорида кадрлар етишмовчилиги барча секторларда сезиларли оғирлашганини билдирди. Унинг айтишича, умумий танқислик 500 минг атрофида бўлиб, уларнинг 70 фоизи айнан ишчи мутахассисликлар бўйича юқори малакали кадрларга тўғри келади.

«Ишчи касблар бўйича муаммо ҳар доим бор эди, лекин бугун у янада қатъийлашди», — дея таъкидлади Собянин.

Москва мэрига кўра, бундай ҳолат демографик омиллар, иқтисодиётнинг юқори суръатларда ўсиши ва таълим тизимидаги тарихий номутаносиблик билан боғлиқ. Унинг таъкидлашича, узоқ йиллар давомида олий маълумотли мутахассислар ортиқча тайёрланган, коллеж битирувчилари эса камайиб кетган. «Эндиликда бу пирамидани тескари қилиб, ишчи кадрлар тайёрлашни кучайтиришга ҳаракат қилмоқдамиз», — деди Собянин.

Росстат маълумотларига кўра, 2025 йил август ойида Россияда ишсизлик даражаси 2,1 фоизга тушиб, тарихий минимумга етган. 2024 йил декабрида ҳукумат мамлакат бўйлаб юқори малакали кадрлар танқислигини 1,5 млн киши деб баҳолаган — айниқса қурилиш, транспорт ва коммунал соҳаларда.

Мутахассислар таъкидлашича, меҳнат бозорига босим миграция чекловлари ва Украинадаги уруш сабабли ҳам кучайган. Биринчи йилда фронтга 300 минг, кейинги икки йилда яна 740 мингга яқин киши чақирилган. Шу билан бирга, мобилизация ва сиёсий норозилик туфайли 650 мингдан 1,1 млнгача бўлган юқори малакали аҳоли мамлакатни тарк этган, деб ҳисобланади. «Crocus City Hall» савдо марказида содир этилган террорчилик актидан сўнг киритилган қатъий миграция қоидалари Марказий Осиёдан ишчи кучи оқимини камайтириб, танқисликни янада кучайтирган.

Демография ҳам маромда қисқариб бормоқда: 2024 йилда табиий камайиш 596 мингдан ошди. Росстат прогнозига кўра, 2046 йилга бориб Россия аҳолиси 130,6 млн нафаргача камайиши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид