my.gov.uz’да банк карталари ва мобил рақамларни назорат қилиш имконияти жорий этилади

19.02.2026 | 17:202 дақиқа

Платформада фуқаролар ўз номига нечта банк картаси ва нечта сим-карта борлигини кўриши, зарур ҳолларда ушбу карталар ёки рақамларни портал орқали ёпиш учун ариза юбориш имкониятини жорий этиш режалаштирилмоқда.

my.gov.uz’да банк карталари ва мобил рақамларни назорат қилиш имконияти жорий этилади

2026 йилнинг декабрь ойигача my.gov.uz орқали банк карталари ва мобил рақамларни назорат қилиш имконияти яратилади. Бу ҳақда «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва «Ўзбекистон-2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида»ги Президент фармонида белгиланган.

Давлат дастурига кўра, Ягона интерактив давлат хизматлари порталида қуйидаги имкониятларни яратиш режалаштирилмоқда:

— фуқароларга ўз номига нечта банк картаси ва нечта мобил алоқа рақами расмийлаштирилганини кўриш; 

— зарур ҳолларда портал орқали ушбу карталар ёки рақамларни ёпиш учун ариза юбориш имкониятини яратиш. 

Бу орқали фуқаролар ўз номидаги карталар ва рақамлар бўйича тўлиқ маълумотга эга бўлади.

Шунингдек, дастурга кўра, банклар ва мобил алоқа операторларининг ахборот тизимлари билан хавфсиз интеграция ўрнатиш, реал вақт режимида маълумот алмашиш имкониятини яратилиши ҳам белгиланган.

Банк карталари сонидаги чекловлар

Марказий банк 2025 йил 1 январидан битта фуқарога ажратиладиган карталар сонига вақтинчалик чеклов киритган эди. Унга кўра, ҳар бир фуқаро битта банкда 5 та, барча банкларда умумий (виртуал ва кобейжинг карталари билан бирга) 20 тагача банк картаси очиши мумкин.

Бу тартиб 2025- йил охири, 31 декабргача амал қилиши керак эди. Аммо Марказий банк карталар сонига қўйилган чекловни яна бир йилга узайтирган.

Маълумот учун: вақтинчалик тартиб чет эл валютасида очилган банк карталари ҳамда янги банк карталарини расмийлаштиришга татбиқ этилмайди ва орқага қайтиш кучига эга эмас. 

Вақтинчалик чеклов нега ўрнатилган?

Марказий банк маълумотларига кўра, фуқаролар номига кўп миқдорда очилган банк карталарини таҳлил қилиш жараёнида, мазкур банк карталарининг бир қисмидан фирибгарлик мақсадларида фойдаланилаётганлигини аниқланган. Кўп ҳолатларда карта эгасининг бундан хабари бўлмаган.

Регулятор карталар очиш бўйича вақтинчалик чекловнинг мақсадини банклар томонидан эмиссия қилинган карталар тўғрисидаги маълумотларни Марказий банк ахборот тизими билан синхронизациялаш орқали улар билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларини бартараф этиш, дея тушунтирган.

Ушбу чеклов жорий этилгандан сўнг, банклар ўз мизожларига актив банк карталари мавжудлиги ҳақида SMS-хабарномалар юборишни бошлаган эди. Жумладан, улар 12 ой давомида «ҳаракатсиз» бўлган карталарни блокланиши ҳақида огоҳлантирилган.

Теглар

Рухсора Жовлиева

Рухсора ЖовлиеваМақолалар сони: 951

Барчаси

Мавзуга оид

my.gov.uz’да банк карталари ва мобил рақамларни назорат қилиш имконияти жорий этилади | Vaqt.uz