Logo

Наманганда 50 минг хонадон, янги аэропорт терминали ва ИТ-парк қурилади

Кеча 14:053 дақиқа

Вилоятда келгуси йил иқтисодий ўсишни 9,5 фоизга етказиш, инвеститсияларни 8 млрд долларгача ошириш режалаштирилмоқда.

Наманганда 50 минг хонадон, янги аэропорт терминали ва ИТ-парк қурилади © president.uz

Наманган вилоятида келгуси йилда иқтисодиётни 9,5 фоизга ўстириш, хорижий инвеститсияларни 7–8 миллиард долларга, экспорт ҳажмини эса 1,3 миллиард долларга етказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, 2026-йил якунида вилоятга 5,4 млрд доллар хорижий инвеститсия жалб этилиши ва экспорт ҳажми 1,2 млрд долларга етиши кутилмоқда. Келгуси йил учун эса умумий қиймати 5,4 млрд доллар бўлган янги инвеститсия таклифлари шакллантирилган.

Инфратузилма ва саноат лойиҳалари

Вилоятда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар доирасида Наманган халқаро аэропорти модернизатсия қилинади. Унда соатига 1,2 минг йўловчига хизмат кўрсатадиган янги терминал ҳамда йилига 21,2 минг тонна юк қабул қилиш қувватига эга карго инфратузилмаси барпо этилади.

Янги Наманган шаҳарчасида 50 минг хонадонга мўлжалланган турар жойлар, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш обектлари қурилмоқда. Шунингдек, рақамли иқтисодиёт учун кадрлар тайёрлаш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида ушбу шаҳарчада ИТ-парк барпо этилиши кўзда тутилган.

Саноат йўналишида Чуст туманида 260 млн долларлик тўқимачилик бўёқлари ишлаб чиқариш, 150 млн долларлик чиқиндидан электр энергияси олиш ва 125 млн долларлик базалтдан иссиқлик сақловчи материаллар тайёрлаш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, Попда кумуш консентрати, Янги Наманганда эса фарматсевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш режалаштирилган.

Қишлоқ хўжалиги ва ёшлар бандлиги

Йиғилишда 183 минг гектар ер салоҳиятидан самарали фойдаланиш, маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш ва агросаноат кооператсиясини кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, Тўрақўрғонда 70 минг бош қўйга мўлжалланган замонавий кластер, бир қатор туманларда паррандачилик мажмуаларини ривожлантириш ҳамда Косонсойда 25 минг бош қорамолга мўлжалланган йирик чорвачилик комплексини барпо этиш режалари муҳокама қилинди.

Чуст туманидаги Олмос шаҳарчасида деҳқончилик мактабини ташкил этиш ташаббуси кўриб чиқилди. Унда агроакадемия, агроинноватсия маркази, агросаноат парки, агрологистика ва агротуризм йўналишларини бирлаштириш, хорижий ҳамкорлар билан юқори ҳосилли картошка уруғчилиги, экспортбоп полиз маҳсулотлари етиштириш ва наслчиликни ривожлантириш таклиф этилди.

Шунингдек, интенсив ва органик боғдорчиликни кенгайтириш, Поп тумани адирларини ўзлаштириш ҳамда соҳага илм-фан ютуқлари ва илғор хорижий тажрибани жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.

Ёшлар бандлигини таъминлаш доирасида вилоятдаги 786 минг нафар ёшни хорижий тиллар ва замонавий касбларга ўқитиш, уларни ички ва ташқи меҳнат бозорларида иш билан таъминлаш зарурлиги қайд этилди. Ибрат номидаги чет тиллари институтида италян тилини ўргатиш маркази ташкил этилгани ижобий баҳоланиб, Италия компаниялари билан қишлоқ хўжалиги, электротехника ва озиқ-овқат саноатида иш ўринлари яратиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Келгуси йилда 10 минг нафар ёшни Япония ва Германияда юқори даромадли иш ўринларида меҳнат қилишга тайёрлаш, хориждан қайтган фуқароларни ишга жойлаштириш ва уларнинг муаммоларини ҳал этишда рақамли хизматлардан фойдаланиш топширилди. Шу асосда вилоят аҳолисининг ўртача даромадини 9,6 млн сўмга етказиш вазифаси белгиланди.

Туризм, сервис ва ҳудудларни ривожлантириш

Туризм соҳасида Поп туманидаги «Арашан» кўп функсияли мажмуасининг биринчи босқичини 2027-йилда ишга тушириш ва келгусида йилига 1,5 млн сайёҳни жалб қилиш кўзда тутилган. Шунингдек, «Қамчиқ» тоғ дам олиш маскани лойиҳаси, Янгиқўрғон, Косонсой ва Чустда янги туризм зоналарини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Чустда пичоқчилик, дўппидўзлик, кулолчилик ва ёғоч ўймакорлиги анъаналарини бирлаштирадиган Ҳунармандлар шаҳарчасини ташкил этиш таклиф қилинди. Лойиҳа доирасида 4 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бундан ташқари, туризм ва меҳмонхона бошқаруви соҳасида кадрлар тайёрлаш учун Австриянинг Кремс амалий фанлар университети билан қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилди.

Савдо ва сервисни кенгайтириш мақсадида тун-у кун ишлайдиган кўчалар сонини 35 тадан 50 тага етказиш, Сирдарё бўйида дам олиш ва хизмат кўрсатиш масканларини ташкил этиш, йўлбўйи сервисларини яхшилаш вазифалари қўйилди.

Чекка маҳаллаларда хизматларни кенгайтириш учун Норин туманидаги маҳалла ахборот ва хизмат маркази тажрибасини бошқа туманларга татбиқ этиш, Корея Республикаси тажрибаси асосида «Ақлли қишлоқ» лойиҳаларини ривожлантириш таклиф этилди.

Йиғилиш якунида вилоят ҳокимлиги ва масъулларга йирик лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Теглар

Мавзуга оид