Logo

Нега Ўзбекистонда кредит фоизлари баланд? Қўшнилар, АҚШ, Япония ва Туркия мисолида қиёсий таҳлил

Бугун 09:306 дақиқа

Марказий банк сўнгги йилларда асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб келмоқда, инфляция эса 5,5 фоизгача тушди. Аммо банк кредитлари кутилганидек арзонлашмади. Vaqt.uz Ўзбекистонни қўшни давлатлар, АҚШ, Япония ва Туркия билан таққослаб, бунинг сабабларини таҳлил қилди.

Нега Ўзбекистонда кредит фоизлари баланд? Қўшнилар, АҚШ, Япония ва Туркия мисолида қиёсий таҳлил

Марказий банкларнинг асосий ставкалари мамлакат иқтисодиётидаги энг муҳим индикаторлардан бири ҳисобланади. Улар нафақат инфляция ва инвестицияларни, балки оддий фуқаронинг кредит олиш имкониятларини ҳам белгилаб беради. Агар сиз Токиода яшасангиз, банкдан кредит олиш деярли муаммо эмас. Агар Истанбулда яшасангиз, кредит фоизлари сизни кўпроқ ўйлашга мажбур қилади.

Хўш, Тошкентда, умуман бутун Ўзбекистонда вазият қандай? Мақолада кредитлашда асосий ставка қиймати бир нечта мамлакатлар кесимида таҳлил қилинади.

Маълумотларга кўра, энг арзон кредитлаш ривожланган иқтисодиётларда кузатилмоқда. Японияда асосий ставка 1 фоиз, Европа ҳудудида 2,25 фоиз, Жанубий Кореяда 2,5 фоиз, Хитойда 3 фоиз, АҚШда эса 3,5–3,75 фоиз даражасида шаклланмоқда. Бу давлатларда инфляция нисбатан назорат остида бўлгани ва молия бозорлари чуқур ривожлангани сабаб кредит нархи ҳам пастроқ.

Бошқа мамлакатлар, хусусан, Туркия ва Россияда юқори инфляция ва макроиқтисодий хатарлар сақланиб қолмоқда. Масалан, Туркияда асосий ставка 37 фоизни ташкил этиб, рўйхатдаги энг юқори кўрсаткични қайд этмоқда. Россия Марказий банки эса асосий ставкани 14,25 фоиз даражасигача пасайтирган.

1

Марказий Осиёга назар ташланса, Қозоғистон 17 фоиз билан минтақадаги энг юқори кўрсаткичлардан бирига эга. Ўзбекистонда асосий ставка 14 фоиз, Қирғизистонда 12 фоиз, Тожикистонда эса 7 фоизни ташкил этади.

Шу жиҳатдан қараганда, Ўзбекистон дунёдаги энг қиммат пул сиёсати юритилаётган мамлакатлар қаторига кирмайди. Бироқ ривожланган иқтисодиётлар билан таққосланганда пул нархи ҳали ҳам анча юқори. Масалан, Ўзбекистондаги 14 фоизлик асосий ставка АҚШдагидан қарийб тўрт баравар, Европа ҳудудидагидан олти баравар, Япониядагидан эса 14 баравар юқори.

Шу маънода Ўзбекистонни на арзон, на қиммат кредитлаш ҳудудига киритиш мумкин, аммо оддий ватандошлар учун бу ҳолат катта рискларни ва молиявий муаммоларни олиб келмоқда. Масалан, банклардан олинаётган микроқарз ва истеъмол кредитлари кўпинча 25–35 фоиз ставка билан берилади. Шу сабабли фуқаролар амалда Марказий банкнинг 14 фоизлик ставкасини эмас, ундан анча юқори даражани ҳис қилади. Табиийки, бу ҳолат оммада эътирозларни ва бошқа саволларни пайдо қилади.

Масалан, нега кредитлаш ставкаси бу қадар юқори?

Бугунги кунда Ўзбекистон банк тизимида умумий кредитлар бўйича ўртача ставкалар 20–22 фоиз атрофида шаклланмоқда. Микроқарз ва микрокредитларда эса бу кўрсаткич 25–35 фоизгача етади.

* Микроқарз — банклар ва микромолия ташкилотлари томонидан жисмоний шахсларга шахсий эҳтиёжлар учун бериладиган кичик ҳажмдаги қарз. Қонунчиликка кўра, микроқарз миқдори 100 млн сўмгача бўлиши мумкин. Улар одатда соддалаштирилган тартибда, қисқа муддатда расмийлаштирилади ва кўпинча кафил ёки гаров талаб этилмайди. Бунда асосий эътибор мижознинг даромади, кредит тарихи ва тўлов қобилиятига қаратилади.

* Микрокредит — жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда кичик бизнес вакилларига тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ёки ривожлантириш, айланма маблағларни тўлдириш ва бошқа мақсадлар учун ажратиладиган кредит. Унинг миқдори 300 млн сўмгача бўлиши мумкин. Микроқарзлардан фарқли равишда, микрокредитлар бўйича қарз олувчининг молиявий ҳолати чуқурроқ ўрганилади ва кредит суммаси ҳамда шартларига қараб кафил, гаров ёки бошқа таъминот турлари талаб қилиниши мумкин.

2025 йилда аҳолига ажратилган кредитларнинг деярли ярми микроқарзларга тўғри келган. Бир йил давомида 71,8 триллион сўмлик микроқарз ажратилган ва улар кредит портфелининг 45,8 фоизини ташкил қилган. Бу деярли ҳар икки кредитдан бири микроқарз бўлганини англатади.

Кўпчилик инфляция пасайса, кредит ҳам пасайиши керак деган қараш мавжуд. Бироқ иқтисодчи Миркомил Холбоев Vaqt.uz’га берган изоҳида бундай ёндашув жуда содда тушунтириш эканлигини таъкидлади.

«Умумий инфляция бозорда кредит ставкаларига таъсир қилувчи кўр-кўрона ўзгарувчи омил эмас. Кредит ставкалари ҳақида фақат инфляция кўрсаткичига қараб хулоса чиқариб бўлмайди», — дейди у.

Мутахассисга кўра, Марказий банк учун бугунги инфляциядан кўра эртангиси муҳимроқ.

Яъни регулятор ҳозирги нархларга эмас, балки инфляцион кутилмаларга қарайди. Одамлар ва бизнес келажакда нархлар қандай ўсишини кутаётган бўлса, Марказий банк қарорларига ҳам шу кўпроқ таъсир қилади.

Масалан, май ойида йиллик инфляция 5,5 фоизгача тушган бўлса, асосий ставка ва инфляция ўртасидаги фарқ 8,5 фоизни ташкил этган. Бир қарашда бу жуда қаттиқ монетар сиёсатдек кўринади. Аммо инфляцион кутилмалар билан асосий ставка ўртасидаги фарқ атиги 3,9 фоиз бўлган.

«Монетар шароитлар умумий инфляция ва асосий ставка ўртасидаги фарқ кўрсатганчалик қаттиқ эмас», — дейди Холбоев.

Шунинг учун Марказий банк ташқи хавфлар, энергия тарифлари ва инфляцион кутилмаларни кузатишда давом этади.

Аммо Vaqt.uz суҳбатлашган бошқа эксперт, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Тўлқин Бобоқуловнинг фикрича, кредит ставкаларининг баландлигига биринчи сабаб инфляция ҳали ҳам юқорилигида.

«Озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашмоқда, ёқилғи импорти ортмоқда, пул массаси эса йилига қарийб 30 фоизга ўсмоқда. Шу омиллар Марказий банкнинг асосий ставкани пасайтириш имкониятини чеклаяпти.

Бундан ташқари, банк тизимида арзон ресурслар етишмайди. Миллий валютанинг қадрсизланиш суръати юқори, корхоналар харажатлари катта, натижада иқтисодиётда кредитлаш учун арзон маблағ шаклланмаяпти», — дейди эксперт.

Шу ўринда яна савол туғилади.

Асосий ставка тушаётган бўлса ҳам, нега кредит фоизларида ўзгариш йўқ?

Бу саволнинг жавоби кўпчилик ўйлагандан мураккаброқ.

2022 йилда Россия—Украина уруши бошланганидан кейин Марказий банк асосий ставкани фавқулодда равишда 17 фоизга кўтарган эди.

Иқтисодчи Миркомил Холбоев ставканинг оширилган вақтида бир нечта фикрларни қайд этганди. Хусусан, ўша вақтда асосий ставканинг оширилиши қўшни давлатлар билан макроиқтисодий координация қилишда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлган.

«Асосий ҳамкор давлатларимизда уруш бошланганидан буён монетар сиёсат сезиларли даражада қаттиқлашди, бу жиҳатдан ҳам фоиз ставкасининг оширилиши қўшни давлатлар билан макроиқтисодий координация қилишда муҳим аҳамият касб этади. Лекин ҳар қандай қарорда ҳам танлов бўлгани каби фоиз ставкасининг оширилиши ҳам ўзи билан фақат ижобий эмас, балки салбий натижалар ҳам олиб келади. Масалан, иқтисодий фаолликка салбий таъсир қилиши, бу эса ишсизликнинг ортиши ёки иқтисодий ўсиш пасайишига олиб келиши мумкин. Ҳозир осон қарорнинг ўзи мавжуд эмас», — деганди у.

Аммо бу даража узоқ вақт сақланиб қолмади. Орадан бир неча ой ўтиб ставка яна пасайтирила бошланди. Шу сабабли 2022 ва 2025 йилларни оддий таққослаш ҳар доим ҳам тўғри натижа бермайди.

«Апрель ойидаги кредитларнинг ўртача ставкаси 17 фоиз бўлган давр маҳсули эмас, балки 14 фоиз бўлган давр маҳсулидир», — дейди иқтисодчи Холбоев. «Бундан ташқари, Марказий банк ставкани пасайтириши билан кредитлар арзон бўлиб қолмайди. Ставка пасайишининг бозорга сингиши учун одатда 6–9 ой вақт талаб этилади».

Эксперт Тўлқин Бобоқулов эса суҳбатда асосий ставка ҳамон баланд даражада қолаётганини, инфляция ва бошқа хавфлар сабаб уни кескин туширишнинг имкони йўқлигини қайд этди.

Кредитлар қачон арзонлашади?

Бу саволга иқтисодчи эксперт Тўлқин Бобоқулов кредитларни арзонлаштиришнинг асосий шарти инфляцияни пасайтириш эканини таъкидлади.

«Агар инфляция монетар омиллар ҳисобига ошаётган бўлса, Марказий банк, номонетар омиллар ҳисобига ошаётган бўлса, ҳукумат жавоб бериши керак. Бироқ инфляцион таргетлаш бўйича белгиланган мақсадларга эришиш масаласида жавобгарлик етарли даражада ишламаяпти. Инфляция пасаймас экан, кредитлар ҳам арзонлашмайди», — дейди у.

Шунингдек, статистика кредит ставкаларида маълум юмшаш аллақачон бошланганини кўрсатади.

Масалан, 2025 йил март ойида умумий кредитлар бўйича ўртача ставка бир йил олдингисига нисбатан 0,72 фоиз бандга пасайган. Жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар бўйича эса пасайиш 1,6 фоиз бандни ташкил қилган.

Бу катта пасайиш эмас. Аммо кредит бозори қотиб қолмаганини кўрсатади.

Бундан ташқари, кредит фоизларининг пасайиши кўпчилик ўйлагандек тез жараён эмас. Ҳатто инфляция бугун пасайса ёки Марказий банк эртага асосий ставкани туширса ҳам, бу кредит бозорида дарҳол акс этмайди.

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг таъкидлашича, Марказий банк учун инфляциянинг бир марталик пасайиши эмас, унинг узоқ муддат давомида барқарор сақланиб қолиши муҳимроқ.

«Агар инфляция катта хавотир туғдирмаса ва мақсадли кўрсаткич атрофида шаклланса, Марказий банк ставкани пасайтириши мумкин», — дейди у.

Шунингдек, кредит фоизлари фақат асосий ставкага боғлиқ эмас. Банкларнинг ресурс базаси, иқтисодиётдаги ликвидлик, инфляцион кутилмалар ва ташқи иқтисодий хатарлар ҳам муҳим роль ўйнайди. Шу сабабли яқин келажакда кредитларнинг кескин арзонлашишини кутиш қийин.

Теглар

Мавзуга оид