Logo

Никоҳлар камайишининг асл сабаби, бозорнинг ярмини йўқотган «UzAuto» ва Тошкент метросидаги вақтинчалик ёпилиш — 10 июн дайжести

Кеча 23:404 дақиқа

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Никоҳлар камайишининг асл сабаби, бозорнинг ярмини йўқотган «UzAuto» ва Тошкент метросидаги вақтинчалик ёпилиш — 10 июн дайжести

Ўзбекистонлик футбол мухлисларининг ярмидан кўпи АҚШ визасини ололмади

ЖЧ–2026 ўйинларини жойида томоша қилишни режалаштираётган кўплаб мухлислар АҚШ визасини олишда қийинчиликларга дуч келмоқда. BBC таҳлилига кўра, мундиалга чиққан 11 мамлакат фуқаролари учун виза рад этиш даражаси 40 фоиздан юқори бўлиб, Ўзбекистон ҳам шу рўйхатдан ўрин олган. АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, ўзбекистонлик аризачиларнинг ярмидан кўпроғи виза ола олмаган.

Мутахассислар бу ҳолатни АҚШнинг қатъий иммиграция сиёсати билан боғламоқда. Жаҳон чемпионатининг 104 ўйинидан 78 таси, жумладан финал баҳси ҳам АҚШда ўтказилади. ФИФА мухлислар учун «FIFA Pass» тизимини жорий этган бўлса-да, у виза берилишини кафолатламайди. Шу билан бирга, Канада ва Мексикадаги айрим маъмурий тўсиқлар ҳам баъзи мамлакатлар мухлисларининг турнирга бориш имкониятларини чекламоқда.

Марказий банк май ойида 2 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди

Марказий банк ҳузуридаги Банк назорати қўмитаси май ойида 8 та йиғилиш ўтказиб, банк ва кредит ташкилотлари фаолиятига оид 36 та масалани кўриб чиқди. Улар орасида кредит ташкилотлари уставига ўзгартириш киритиш, микромолия ва факторинг ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш, тўлов ташкилоти лицензияси ҳамда банк раҳбар лавозимларига номзодларни келишиш билан боғлиқ масалалар бўлган.

Шунингдек, қўмита кредит ва тўлов ташкилотларининг молиявий ҳолати, Марказий банк талаблари ва пруденсиал меъёрларга риоя қилиниши юзасидан ўтказилган текширувлар натижаларини ҳам муҳокама қилди. Аниқланган қонунбузилишлар ва камчиликлар асосида 2 та банк ҳамда 2 та микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкциялари қўлланилди, аммо Марказий банк мазкур ташкилотлар номини ошкор қилмади.

«Чинор» метро бекати 50 кунга ёпилади

Тошкент метрополитени 13 июндан бошлаб «Чилонзор» йўналишидаги «Чинор» метро бекати реконструкция ишлари сабабли вақтинча фаолиятини тўхтатишини маълум қилди. Лойиҳа доирасида бекатнинг кириш-чиқиш қисмлари кенгайтирилади, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва болали оилалар учун 4 та катта сиғимли лифт ўрнатилади, шунингдек, йўловчилар оқимини тезлаштириш мақсадида 12 та қўшимча турникет жойлаштирилади.

Бекат ёпиқ бўлган даврда «Чинор» ва «Янгиҳаёт» метро бекатлари ўртасида бепул метробуслар қатнови йўлга қўйилади. Метрополитен маълумотига кўра, реконструкция ишлари метро инфратузилмасини модернизация қилиш ва йўловчилар учун қулайликларни оширишга қаратилган.

Никоҳлар камаймоқда: муаммо турмуш қуриш ёшида эмас

Ўзбекистонда никоҳлар ва туғилишлар сони камайиб бораётган бўлса-да, бу ҳолат аҳолининг кечроқ турмуш қураётгани билан изоҳланмайди. Иқтисодчи Миркомил Холбоев таҳлилига кўра, 2025 йилда биринчи никоҳ учун ўртача ёш аёлларда 21,4 ёшни, эркакларда эса 25,6 ёшни ташкил этган бўлиб, бу кўрсаткичлар ўтган йилга нисбатан ҳам, 2017 йил билан таққослаганда ҳам пасайган. Демак, ёшлар олдингидан эртароқ оила қурмоқда.

Мутахассиснинг фикрича, никоҳлар ва туғилишлар сонининг қисқаришига асосий сабаб турмуш қуриш ёшидаги аҳоли сонининг камайишидир. Бу мустақилликнинг илк йиллари ва 2000 йиллар бошида туғилишлар камайгани натижасида шаклланган демографик тузилма билан боғлиқ. Ҳозир айнан ўша нисбатан кам сонли авлод оила қуриш ёшига етгани учун никоҳлар ва туғилишлар сони пасаймоқда, аммо бу ҳолатни Япония, Жанубий Корея ёки Хитойдаги демографик инқироз билан тенглаштириш учун асос йўқ.

UzAuto Motors 2025-йил камроқ даромад олсада, кўпроқ фойда кўрди. Нима учун?

UzAuto Motors 2025 йилда даромадининг 3,7 фоизга камайиб, 4,1 млрд долларга тушганига қарамай, соф фойдасини 7,8 фоизга ошириб, 339,6 млн долларга етказди. Компаниянинг ялпи ва операцион фойдалари пасайган бўлса-да, сўмнинг долларга нисбатан 6,8 фоизга мустаҳкамланиши валюта курслари фарқидан катта молиявий даромад олиш имконини берди. Натижада компания 2024 йилдаги 25,6 млн долларлик валюта зарари ўрнига 62,6 млн доллар даромад қайд этди.

Бироқ 2026 йилнинг биринчи чорагида компаниянинг соф фойдаси 16 фоизга камайиб, 648,3 млрд сўмни ташкил қилди. Бу даврда даромадлар ўсган бўлса-да, сотиш харажатлари қарийб уч баробар ошиб, 1 трлн сўмга етган. Шу билан бирга, UzAuto Motorsнинг бозор улуши ҳам пасайиб, январь–апрель ойларида илк бор 50 фоиздан пастлаб, 47,8 фоизни ташкил қилди. Бу ҳолат BYD, KIA, Haval ва Chery каби брендлар савдосининг ўсиши билан изоҳланмоқда.

Россиядан газ импорти 11 млрд куб метргача оширилиши мумкин

Россиядан Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажмини келгуси йилларда 11 млрд куб метргача ошириш масаласи муҳокама қилинмоқда. Қозоғистон энергетика вазири Ерлан Аккенженовнинг маълум қилишича, бу 2025 йилда импорт қилинган қарийб 7 млрд куб метр газга нисбатан қарийб 70 фоиз кўпдир. Лойиҳанинг амалга ошиши магистрал қувурларнинг ўтказувчанлик имкониятларига боғлиқ бўлиб, Қозоғистон транзит давлат сифатида зарур инфратузилмани тайёрлаганини билдирган.

Газ импортини ошириш муҳокамаси Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми пасайиб бораётган даврга тўғри келмоқда. Жорий йилнинг январь–апрель ойларида мамлакатда газ ишлаб чиқариш 16 фоизга қисқариб, 12,6 млрд куб метрни ташкил қилди. 2025 йилда қазиб олиш ҳажми 42,3 млрд куб метрга тушган бўлса, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясига кўра, 2026 йилда бу кўрсаткич 40,2 млрд куб метргача камайиши, кейинги йилларда эса яна ўсиш траекториясига қайтиши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид