
Очилбой Раматов бошчилигида Гулистондаги портлаш сабаблари ўрганилади
Ҳукумат комиссияси тузиш бўйича Президент топшириқ берган.

Гулистондаги портлаш бўйича Президент топшириғига биноан бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, комиссия жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш, ҳодиса сабабларини аниқлаш ҳамда келгусида бундай бахтсиз ҳодисаларни олдини олиш билан шуғулланади.
Маълумот учун, жорий йилнинг 2 декабр куни Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги «Uz Bek Family» МЧЖга қарашли овқатланиш шохобчасида газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши туфайли ёнғин юз берганди.
Портлаш оқибатида 29 киши жароҳатланиб, шундан 26 нафари шифохонага ётқизилган. Жабрланувчилардан уч нафари вафот этган, бир нафари ўта оғир аҳволда, яна беш киши жонлантириш бўлимида қолмоқда.
Сирдарё вилоят ИИБ ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми (Одам ўлиши ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келган меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларининг бузилиши) билан жиноий иш қўзғатган ва 1 киши процессуал тартибда қамоққа олинган.





