Одамлар иссиқлик туфайли йилига 56 соатгача уйқу йўқотмоқда — тадқиқот
Дунёнинг кўплаб ҳудудларида тропик кечалар сони ортмоқда. Тропик кеча — бу ҳаво ҳарорати тунда ҳам +20 даражадан пастга тушмайдиган ҳолатдир.
© EuronewsИқлим ўзгариши туфайли тунги ҳароратнинг кўтарилиши одамларни уйқудан маҳрум қилмоқда: ўртача ҳисобда сайёрадаги ҳар бир киши йилига 50 соатдан ортиқ уйқуни йўқотмоқда. Бу ҳақда «Euronews» ёзмоқда.
Дунёнинг кўплаб ҳудудларида тропик кечалар сони ортмоқда. Тропик кеча — бу ҳаво ҳарорати тунда ҳам +20 даражадан пастга тушмайдиган ҳолатдир. Бундай иссиқ кечалар инсоннинг тўлиқ дам олиши ва сифатли ухлашига халақит беради. «Climate Central» ташкилотининг 2020–2025-йилларни қамраб олган тадқиқотида дунёнинг 1300 дан ортиқ шаҳри таҳлил қилинди. Натижаларга кўра, деярли барча шаҳарларда иссиқ туфайли уйқу йўқотилиши 1970-йилларнинг бошига нисбатан камида икки баравар ошган. Энг катта уйқу йўқотишлари Яқин Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида кузатилган. Бу ҳудудларда одамлар йилига ўртача 55–91 соат кам ухлаган.
1970-йиллар бошида аҳолиси тахминан 500 минг киши бўлган одатий шаҳарда одамлар тунги иссиқ сабаб йилига ўртача 46 соат уйқу йўқотар эди. 2020-йилларга келиб бу кўрсаткич 50 соатга, 2020–2025-йилларда эса 56 соатга етди. Тадқиқотга кўра, бу ўсишнинг асосий сабабларидан бири айнан иқлим ўзгариши ҳисобланади.
Европада қайси шаҳарларда уйқу кўпроқ бузилмоқда?
Иссиқ кечалар дунёнинг деярли барча шаҳарларига таъсир қилаётган бўлса-да, уларнинг таъсири ҳамма жойда бир хил эмас. Европада энг катта уйқу йўқотишлари жанубий ҳудудларда қайд этилган. Италиянинг Неаполь шаҳрида аҳоли йилига 51 соат уйқудан айрилган. Греция пойтахти Афинада 45 соат, Испаниянинг Валенсия шаҳрида 42 соат, Португалия пойтахти Лиссабон ва Франциянинг Марсель шаҳрида 40 соатдан.
Шимолий Европа мамлакатларида ҳам иссиқ кечалар уйқуга салбий таъсир кўрсатмоқда, аммо бу кўрсаткич нисбатан паст.
Шотландиянинг Эдинбург шаҳрида — 21 соат;
Швеция пойтахти Стокгольм ва Финляндия пойтахти Хельсинкида — 20 соатдан;
Энг паст кўрсаткич Норвегия пойтахти Ослода қайд этилган — 18 соат.
Сифатли уйқу нега муҳим?
Уйқу инсон организмининг нормал ишлаши учун жуда муҳим. Айнан тунда тана тикланади, мия дам олади ва организм ўзини қайта тиклайди. Аммо ҳаво ҳарорати пасаймаса, тана етарли даражада дам ололмайди ва стресс ҳолатида қолади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, уйқунинг бузилиши кайфиятнинг ёмонлашишига, фикрлаш ва хотиранинг сусайишига, иш унумдорлигининг пасайишига ва юрак-қон томир ҳамда иммун тизими касалликлари хавфининг ортишига олиб келади.
Яқинда ўтказилган яна бир тадқиқот шуни кўрсатдики, иссиқ кечалар 65 ёшдан ошган одамларда уйқуни ўрта ёшдагиларга қараганда икки баравар кўпроқ бузади. Бундан ташқари, аёллар ва аллақачон иссиқ иқлим шароитида яшовчи одамлар ҳам кўпроқ зарар кўради. Олимларнинг фикрича, глобал ҳарорат ошиб бориши билан бу тафовут янада кучайиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги барча ҳокимликлар ободонлаштириш ходимларини аномал иссиқда ишлатмаслик бўйича Давлат меҳнат инспекцияси томонидан огоҳлантирилганди.





