Logo

Октябр ойида банкларда депозитлар миқдори қариб 13 трлн сўмга ошди

Бугун 13:242 дақиқа

Ўсишнинг асосий қисми юридик шахслар ҳисобига тўғри келди. Депозитлар ўсиши бўйича «O‘zsanoatqurilishbank» ва «Kapitalbank» етакчилик қилди. Шунингдек, «Asakabank», «Anorbank» ва «Biznesni rivojlantirish banki»да эса депозитлар камайди.

Октябр ойида банкларда депозитлар миқдори қариб 13 трлн сўмга ошди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Октябр ойида тижорат банкларининг депозит базаси 12,8 трлн сўмга (2,5 фоиз) ошиб, 513,8 трлн сўмга етган. Бу ҳақда Марказий банк маълумотларида маълум қилинди.

Ўсишнинг асосий қисми юридик шахслар ҳисобига бўлган. Уларнинг депозитлари 309,4 трлн сўмдан 318,9 трлн сўмга (3,1 фоиз) ошган ва бу умумий ўсишнинг қарийб тўртдан уч қисмини ташкил этган. Жисмоний шахслар омонатлари эса 191,6 трлн сўмдан 194,9 трлн сўмга (1,7 фоиз) ошган, уларнинг умумий депозитлардаги улуши 38,2 фоиздан 37,9 фоизга тушган.

Давлат улуши бор банклар билан нодавлат банклар ўртасидаги фарқ ҳам кўзга ташланади. Давлат улуши бор тўққизта банкда депозитлар 1,5 фоизга ўсиб, 255,2 трлн сўмга етган. Қолган банкларда эса бу кўрсаткич 3,6 фоизга ошиб, 258,6 трлн сўмни ташкил этган. Натижада давлат улушли банкларнинг тизимдаги ҳиссаси 50,2 фоиздан 49,7 фоизга тушган.

35 та банкдан 24 тасида депозитлар ошган. Мутлақ ўсиш бўйича «O‘zsanoatqurilishbank» биринчи ўринда: унда депозитлар 2,85 трлн сўмга (7,6 фоиз) кўпайган, шундан 2,729 трлн сўми юридик шахсларга тўғри келади. Иккинчи ўринда 1,818 трлн сўмлик ўсиш билан «Kapitalbank» турибди. Фоиз ҳисобида эса «Asia Alliance Bank» 18,6 фоиз билан етакчи бўлган.

Айрим банкларда эса омонатлар камайган. «Asakabank»да депозитлар 594 млрд сўмга (2,7 фоиз), «Anorbank»да 523 млрд сўмга (3,4 фоиз), «Biznesni rivojlantirish banki»да 404 млрд сўмга (2,4 фоиз) қисқарган. «Anorbank»да жисмоний шахслар омонатлари 119 млрд сўмга ошган, юридик шахслар депозитлари эса 642 млрд сўмга камайган.

Депозитлар ҳажми бўйича «O‘zmilliybank» 59,3 трлн сўм билан етакчиликни сақлаб қолган, бу тизимдаги депозитларнинг тахминан 11,5 фоизини ташкил этади. Кейинги ўринларда «Kapitalbank» (53,3 трлн сўм) ва «Agrobank» (45,2 трлн сўм) жойлашган. Энг йирик ўнта банк орасида «Asakabank» ва «Aloqabank»да депозитлар камайган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ октябр ойида қайси банкларда муаммоли кредитлар кўпайгани ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Мавзуга оид