Олий таълимда янги низом қабул қилинди

Бугун 16:552 дақиқа

Ўзбекистонда олий таълимга оид янги низом қабул қилиниб, талабалар ҳуқуқлари кенгайтирилди ва таълим тизими ислоҳ қилинди.

Олий таълимда янги низом қабул қилинди

Ўзбекистонда олий таълим соҳасини тартибга солувчи янги низом тасдиқланиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди. Ушбу ҳужжат олий таълим тизимини ташкил этиш, таълим жараёни, бошқарув ва молиявий муносабатларни қамраб олади.

Янги тартибга кўра, олий таълим бакалавриат ва магистратура босқичлари орқали амалга оширилади. Бакалавриат таълими камида 3 йил давом этади, сиртқи ва кечки таълим шаклларида эса ўқиш муддати янада узайтирилади.

Таълим шакллари кенгайди

Олий таълим муассасаларида кундузги, масофавий, дуал ва инклюзив таълим шакллари жорий этилади. Таълим жараёни миллий кредит-модуль тизими асосида ташкил қилиниб, Европа кредит трансфер тизимига мослаштирилади.

Ўқув дастурлари меҳнат бозори талабларига мувофиқ иш берувчилар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади. Бу эса битирувчиларнинг амалиётга яқин билим олишини таъминлашга хизмат қилади.

Талабалар ҳуқуқлари мустаҳкамланди

Низом талабалар учун қатор ҳуқуқларни белгилаб берди. Улар таълим сифатини ошириш бўйича таклифлар киритиш ва таълим жараёни муҳокамаларида иштирок этиш имконига эга бўлади.

Шунингдек, талабалар кутубхона ва ахборот ресурсларидан бепул фойдаланади, халқаро алмашинув дастурларида қатнашиши мумкин. Университет қарорларидан норози бўлган тақдирда, расмий шикоят қилиш ҳуқуқи ҳам кафолатланди.

Талабалар меҳнат қонунчилигига мувофиқ ишлаш имкониятига эга бўлиб, кундузги таълимда ўқиётганлар стипендия олади. Айни пайтда, уларни ўқишга алоқаси бўлмаган ишларга жалб қилиш қатъиян тақиқланади.

Шу билан бирга, талабалар ички тартиб-қоидалар ва одоб-ахлоқ меъёрларига амал қилиши шартлиги ҳам белгиланди. Бу таълим муассасаларида интизом ва самарадорликни таъминлашга қаратилган.

Олий таълим муассасаларига эса академик, ташкилий ва молиявий мустақиллик берилиб, бу тизимда рақобат ва сифатни оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид