add

Ўқувчилар учун «опенбюджет»: «Менинг мактабим» лойиҳасининг 2-босқичи старт олмоқда

Бугун 09:022462 дақиқа

«Очиқ бюджет» портали орқали мактаблар учун ташаббус билдиришнинг навбатдаги босқичи бошланди, унда биринчи босқичда ютмаган айрим мактаблар қайта иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Ўқувчилар учун «опенбюджет»: «Менинг мактабим» лойиҳасининг 2-босқичи старт олмоқда

Ўзбекистонда «Очиқ бюджет» портали доирасида жамоатчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш жараёни давом этмоқда.

«Менинг мактабим» лойиҳасининг 2025 йилги 2-босқичи лойиҳа киритиш жараёнлари 15 декабр, душанба кунидан бошланади. 2-босқич доирасида 3 ва 5-тоифага киритилган 96 та тумандаги 5104 та мактаб иштирок этади, деб хабар бермоқда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

Ушбу босқичда фуқаролар, хусусан ота-оналар, ўқитувчилар ва ўқувчилар ўз мактаблари учун инфратузилмани яхшилашга қаратилган лойиҳаларни илгари суриши мумкин. Ташаббуслар орқали таълим муассасаларида синф хоналарини таъмирлаш, спорт майдонлари қуриш, асбоб-ускуналар харид қилиш каби масалалар ҳал этилади.

«Менинг мактабим» лойиҳасида 5-синфдан 11-синфгача бўлган ҳар бир ўқувчи ўзи таълим олаётган умумтаълим мактабига доир лойиҳаларни илгари суриши ҳамда ушбу лойиҳаларга овоз бериши мумкин.

Ўқувчилар қуйидаги усуллардан фойдаланган ҳолда ўз лойиҳаларини илгари суришлари мумкин:

1. Автоматик тарзда — лойиҳа намуналари орасидан ўзига ёққан лойиҳани танлаш орқали;

2. Мустақил равишда — тақдим этилган лойиҳа намуналари орасида мавжуд бўлмаган лойиҳаларни янгидан шакллантириш орқали.

Рўйхатга киритилган туманлар ва иштирокчи мактаблар ҳақидаги тўлиқ маълумотлар «Очиқ бюджет» портали орқали эълон қилинган. Жараёнда фаол қатнашиш орқали аҳоли ўз ҳудудидаги таълим сифатини яхшилашга ҳисса қўшиши мумкин.

Маълумот учун: 1-босқичда ғолиблар аниқламанган 36 та мактаб ҳам жорий йилги 2-босқич доирасида қайтадан иштирок этиш имкониятига эга.

 

«Менинг мактабим» лойиҳаси нима?

Бу лойиҳа ўқувчиларнинг ўз мактабларини янада яхшилашга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Ўқувчилар мактаб инфратузилмасини ривожлантириш, ўқув жараёнини такомиллаштириш ёки дам олиш шароитларини яхшилашга қаратилган ғоялар билан иштирок этади.

 

Қандай қилиб лойиҳа ғолиб деб топилади?

Ҳар бир лойиҳа ўқувчилар овозига кўра баҳоланади. Лойиҳа ғолиб деб топилиши учун камида 10 та овоз тўплаши зарур.

 

Кимлар овоз бера олади?

Овоз бериш ҳуқуқига фақат шу мактабнинг ўқувчилари эга. Яъни, ҳар бир ўқувчи ўз мактабида тақдим этилган лойиҳалар учун овоз беради.

 

Бир мактабда нечта лойиҳа ғолиб бўлиши мумкин?

Ҳар бир мактабда камида битта лойиҳа ғолиб деб топилади. Лойиҳаларнинг қийматидан келиб чиқиб, икки ёки ундан ортиқ лойиҳалар ҳам ғолиб деб топилиши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид