
Ўзбекистон 2028 йилгача 6 фоиздан юқори ЯИМ ўсишини режалаштирмоқда
Ҳукумат ўрта муддатли иқтисодий режада юқори ўсишни сақлаб қолиш, инфляцияни 5 фоизга тушириш ва аҳоли фаровонлигини барқарор оширишни мақсад қилиб белгилади.

Ўзбекистон ўрта муддатли иқтисодий сиёсатнинг асосий йўналишларини белгилаб, 2028 йилгача ЯИМ ўсишини 6 фоиздан юқори даражада сақлаш ва инфляцияни 5 фоизга тушириш мақсадини илгари сурди.
2026 йилга мўлжалланган «Бюджетнома»да мамлакатнинг макроиқтисодий модели янги таркибий босқичга ўтаётгани қайд этилган. Ҳукумат ЯИМнинг ҳар аҳоли жон бошига тўғри келадиган ҳажми 2026 йилда 4000 долларлик муҳим чегарадан ўтиши мумкинлигини билдирган.
Базавий сценарийга кўра, иқтисодиёт 2025 йилда 7 фоизга яқин ўсишдан сўнг 2026 йилда 6,6 фоиз, 2028 йилда эса 6,9 фоиз атрофида ўсиши кутилмоқда. Номинал ЯИМ ҳажми 2024 йилдаги 1455 трлн сўмдан 2026 йилда 1976 трлн сўмга, 2028 йилда эса 2576 трлн сўмга етиши прогноз қилинмоқда. Бу рақамлар асосий ташқи ҳамкорлар иқтисодиёти секинлашаётган шароитда ички талаб ва диверсификациянинг устувор аҳамият касб этаётганини кўрсатади.
Ҳужжатда ХВЖ маълумотларига ҳам тўхталинган: Россия иқтисодиёти 2026 йилда 0,5–1,5 фоиз, Хитой эса 5 фоиз ўсиши кутилмоқда. Ўзбекистоннинг юқори динамикани сақлаб қолиш мақсади ички бозордаги ислоҳотлар, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва экспорт географиясини кенгайтириш билан боғлиқ экани таъкидланди. Аҳоли фаровонлиги бўйича прогнозларда ҳам ижобий тенденция давом этмоқда: ЯИМнинг ҳар жон бошига тўғри келиши 2024 йилдаги 3093 доллардан 2028 йилда 4686 долларгача ўсиши кутилаётгани қайд этилган.
Инфляцияни пасайтириш макроиқтисодий сиёсатнинг асосий устувор йўналиши сифатида белгиланди. 2024 йилда 9,8 фоизга етган қийматлар ўсиши 2025 йилда 7,8–7,9 фоизга, 2026 йилда 7 фоизга, 2027 йилда 5–6 фоизга, 2028 йилда эса 5 фоизга туширилиши режалаштирилган. Бунга эришиш учун қатъий бюджет интизоми ва инфратузилмага мўлжалланган йирик сармояларнинг мувозанати талаб этилади.
Саноат тармоқлари 2026 йилдан 2028 йилгача 6,4–6,9 фоизлик ўсишни, хизматлар соҳаси эса ЯИМнинг 48 фоизини таъминлаган ҳолда 13–14 фоизлик йиллик ўсишни намойиш этиши кутилмоқда. Қурилиш соҳаси 2024–2025 йиллардаги «бум»дан кейин 8 фоизлик «юмшоқ қўниш» траекториясига ўтиши мумкин. Қишлоқ хўжалигида эса 4,1–4,3 фоизлик барқарор, аммо чекланган ўсиш прогноз қилинмоқда.





