Logo

Ўзбекистон ҳукумати ёпиқ қарор билан шакар импортига квота ва заводларга имтиёзлар берди

Бугун 22:223 дақиқа

Отабек Бакиров ёпиқ қарорлар ортида маълум бир манфаатдор гуруҳлар туришини таъкидлади. «Ўзбекистонда бирон-бир ёпиқ қарор йўқки, унинг ортида кимдир ё қайсидир тўда турмаса. Шакар импортини квоталаш бўйича ёпиқ қарор ҳам бундан истисно бўлмаган», — деб ёзди у.

Ўзбекистон ҳукумати ёпиқ қарор билан шакар импортига квота ва заводларга имтиёзлар берди © boevan.com

2027 йил 1 январдан Ўзбекистонда озиқ-овқат саноати корхоналари учун оқ шакар импортига йилига 300 минг тонна миқдорида квоталар жорий этилади. Ёпиқ тарзда қабул қилинган ҳукумат қарори билан маҳаллий шакар ишлаб чиқарувчиларга давлат харидларида устуворлик берилиб, уларнинг кредит муддатлари узайтирилади ва фоизлари давлат томонидан қоплаб берилади. Мазкур ҳолат иқтисодчилар томонидан кескин танқидга учраб, оғир юк яна солиқ тўловчилар гарданига тушиши таъкидланмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июлдаги ХДФУ (хизмат доирасида фойдаланиш учун) грифи остидаги 417-сон қарорига мувофиқ, 300 минг тонналик квота уч йўналиш бўйича тенг тақсимланади. Ичимликлар, қандолат маҳсулотлари ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг ҳар бирига 100 минг тоннадан улуш ажратилади.

Квоталар 2026 йил 1 декабрга қадар ишга тушириладиган ва Божхона қўмитасининг «Ягона дарча» тизимига интеграция қилинадиган электрон платформа орқали очиқ онлайн-аукционларда тақсимланади. Ҳужжатда ички истеъмол ва нархларни ҳисобга олган ҳолда квоталарни ҳар олти ойда қайта кўриб чиқиш назарда тутилган.

2027 йил 1 январдан давлат ташкилотлари ва корхоналари оқ шакар харид қилишда биринчи навбатда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини сотиб олади. Давлат захиралари ҳам айнан шу корхоналар ҳисобидан шакллантирилиши ва маҳсулотларнинг бутун ҳажми биржа орқали сотилиши белгиланган.

Қарорда заводларни молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам тасдиқланган. Жумладан, уларнинг «Ўзсаноатқурилишбанк» олдидаги кредитларини қайтариш муддати икки йиллик имтиёзли давр билан беш йилгача узайтирилади. 2026 йил 1 августдан 2031 йил 1 августгача маҳаллий шакар заводлари хорижий валютада жалб қилган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.

Шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлигига маҳаллий шакар заводларини 2031 йил 1 январга қадар фойда солиғи ва мол-мулк солиғидан озод қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тайёрлаш топширилган. Бўшаган маблағлар кредитларни қоплашга йўналтирилиши, банклар эса корхоналарда молия директорларини тайинлаб, кредитлар узилгунча дивидендлар тақсимланишини чеклаши кўзда тутилган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров шакар импортини квоталаш ва солиқ имтиёзлари бериш бўйича ёпиқ қарорни кескин танқид қилиб, бунинг ортида муайян манфаатдор гуруҳлар турганини билдирган.

«Ўзбекистонда бирон-бир ёпиқ қарор йўқки, унинг ортида кимдир ё қайсидир тўда турмаса. Шакар импортини квоталаш бўйича ёпиқ қарор ҳам бундан истисно бўлмаган», — деб ёзади иқтисодчи.

Унинг таъкидлашича, бозорда шакарга ўрнатилган 20 фоизлик импорт божи паразитлашган ва самарасиз маҳаллийлаштирувчилар тирик туриши учун камлик қилмоқда. Эндиликда улар 2031 йилгача фойда солиғидан озод қилиниб, мол-мулк солиғи 2 карра камайтирилмоқда.

«Бу «маҳаллийлаштирувчилар» хомашёга кредит олади, фоизини солиқ тўловчилар тўлайди. Солиқ тўловчилар ҳам қимматлаштирилган шакар олади, ҳам чўнтагидан «маҳаллийлаштирувчиларнинг» кредит қарзини тўлайди», — дея таъкидлади Бакиров.

Иқтисодчининг қайд этишича, 2026 йилда Ўзбекистон камида 750−800 минг тонна шакар импорт қилиши мумкин бўлган шароитда квотани 300 минг тонна этиб белгилаш рақобатни сезиларли даражада чеклайди ва квоталарни маъмурий тақсимлаш тизимига қайтиш орқали коррупция хавфини юзага келтиради.

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида мамлакатда 165,5 минг тонна шакар ишлаб чиқарилган бўлиб, бу 2023 йилга (332,6 минг тонна) нисбатан икки баравардан кўпроққа, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан эса 27,3 фоизга камдир.

Божхона қўмитаси маълумотлари эса 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга қиймати 440,1 млн долларлик 652,8 минг тонна шакар ва шакар хомашёси импорт қилинганини кўрсатмоқда. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жисмоний ҳажмда 36 фоизга, қиймат жиҳатидан эса 37 фоизга ўсиш демакдир.

Теглар

Мавзуга оид