Logo

Ўзбекистон қурилиш материаллари экспортини 5 млрд долларга етказмоқчи

Кеча 16:204 дақиқа

Келаси йилдан бюджет ҳисобидан амалга ошириладиган қурилишларда биринчи навбатда маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш талаби жорий этилади. Давлат харидлари порталида маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилари учун алоҳида савдо майдончаси ташкил қилиниб, уларга йилига 15-20 трлн сўмлик бозор очилади. Бундан буён янги пардозбоп тош конлари «нол чиқинди» тамойили асосида ишлаш шарти билан аукционга қўйилади.

Ўзбекистон қурилиш материаллари экспортини 5 млрд долларга етказмоқчи © Ijtimoiy tarmoqlar

Президент Шавкат Мирзиёев 20-ноябр куниТошкент вилоятининг Паркент туманига ташрифи чоғида қурилиш саноати ва туризм соҳаларида фаолият юритаётган инвестор ва тадбиркорлар билан учрашувда янги экспорт имкониятларига тўхталди.

Айтилишича, сўнгги ўн йилда соҳага 12 миллиард доллар инвестиция киритилиб, 5 мингдан зиёд замонавий корхона ишга туширилган. Жорий йилда ишлаб чиқариш ҳажми 2016-йилдаги 7 триллион сўмдан 65 триллион сўмга, экспорт эса 75 миллион доллардан 1,5 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Мамлакатда ҳар йили 50-55 миллиард доллар инвестиция жалб этилаётгани қурилиш маҳсулотлари учун катта ички бозорни шакллантираётгани ҳақида сўз борди. Қўшни ва яқин минтақаларда ҳам бу маҳсулотларга йиллик талаб 50 миллиард долларга баҳоланаётгани айтилди.

Юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни кўпайтириш, маҳаллий девелоперларни хорижий тендерларга олиб чиқиш ва арзон ҳамда узлуксиз логистика занжирларини яратиш ҳисобига экспортни яқин йилларда 5 миллиард долларга етказиш мумкинлиги қайд этилди.

«Лекин ҳозирги тез ўзгарувчан бозор шароитида тадбиркорлар билан йилда бир эмас, керак бўлса, ҳар ойда мулоқот қилиш зарур», — деди президент.

Бу борада вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар олдига аниқ талаб қўйилди. Президент матбуот котибининг ёзишича, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда асосий вазифалардан бири — маҳсулот сифати, дизайни ва рақобатбардошлигини ошириш. Ўзбекистонда керамик плита, базальт қоплама, қурилиш ойнаси ва газоблок каби 161 турдаги маҳсулот бўйича ички талабни қоплашга етарли қувватлар мавжуд. Шунга қарамай, сифат ва бренд билан боғлиқ камчиликлар сабаб йиллик импорт 780 миллион долларни ташкил этмоқда.

Масалан, керамик плита ишлаб чиқариш қуввати ички талабдан уч карра юқори, бироқ йирик ўлчамли плиталар импортига ҳар йили 25 миллион доллар сарфланмоқда. Лок-бўёқ, гулқоғоз ва энергия тежамкор ойна каби саккиз турдаги тайёр маҳсулот импорти эса 280 миллион долларга етган.

Ушбу йўналишда Туркиянинг «Betek» компанияси билан Зангиота туманида 30 миллион долларлик лок-бўёқ заводи қурилиши бошланаётгани маълум қилинди. Давлат раҳбари ҳокимлардан истеъмолчилар талаби ва халқаро брендлар имкониятини чуқур ўрганиб, янги лойиҳаларни илгари суришни талаб қилди.

Йирик стратегик лойиҳаларни маҳаллий қурилиш материаллари билан таъминлаш

Жиззах вилоятидаги атом электр станцияси қурилишида 2 миллиард 200 миллион долларлик қурилиш материаллари ишлатилиши кўзда тутилган. Шу боис, Эгизбулоқ маҳалласидаги 200 гектар майдонда алоҳида солиқ ва божхона режимига эга махсус саноат зонаси ташкил этилади. Бу ерда станция қурилиши учун зарур 70 турдаги янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, импорт ўрнини босувчи ва мегалойиҳаларда қўлланиладиган маҳсулотлар бўйича талабни таҳлил қилиб, 20 миллиард долларлик лойиҳаларнинг тармоқ жадвалини тасдиқлаш топширилди. Келаси йилдан юқори қўшилган қийматли янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳалари учун икки йиллик имтиёзли давр билан йиллик 6 фоиз ставкада 200 миллион доллар ресурс ажратилади. Корхоналарда энергия тежовчи ускуналар харид қилиш харажатларининг 10 фоизини, бироқ 1 миллиард сўмдан ошмаган қисмини қоплаб бериш механизми ҳам жорий қилинади.

Хомашёдан тўлиқ фойдаланиш ва чиқиндиларни қайта ишлаш

Мамлакатдаги 155 та корхона йилига 1 миллион тонна хомашё қазиб олаётган бўлса-да, унинг 35-40 фоизгача қисми ишлаб чиқариш чиқиндиси сифатида қолмоқда. Айниқса, Нурота, Ғозғон ва Қўшработдаги конлар атрофида гранит ва мармар қолдиқлари тўпланган.

Президент ривожланган давлатлар тажрибаси асосида «нол чиқинди» тамойилини кенг жорий этиш зарурлигини қайд этди. Бундай хомашёдан композит пол қопламалари, сунъий тош плиталар ва мармар кукуни каби маҳсулотлар тайёрлаш мумкин. Мутасаддиларга бир ойда тадбиркорларни жалб этиб, пардозбоп тош конлари атрофида камида 100 миллион долларлик лойиҳаларни бошлаш топширилди. Бундан буён янги пардозбоп тош конлари «нол чиқинди» тамойили асосида ишлаш шарти билан аукционга қўйилади.

Қурилиш таннархини пасайтириш ва давлат маблағларидан самарали фойдаланиш

Президент матбуот хизмати таҳлилларига кўра, Жиззах, Навоий ва Хоразмда қурилаётган кўп қаватли уйларнинг бир квадрат метри таннархи 3,5 миллион сўмдан кам, Бухоро ва Сурхондарёда эса 5 миллион сўмдан юқори. Айрим ҳудудларда маъмурий бинолар қурилиши қиймати ҳам бир-биридан 1,5-2 баробар фарқ қилмоқда.

Бундай тафовутларга ортиқча воситачилар, лойиҳа ва сметаларнинг қурилиш давомида қайта-қайта ўзгартирилиши сабаб бўлаётгани таъкидланди. Келаси йилдан бюджет ҳисобидан амалга ошириладиган қурилишларда биринчи навбатда маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланиш талаби жорий этилади. Давлат харидлари порталида маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилари учун алоҳида савдо майдончаси ташкил қилиниб, уларга йилига 15-20 триллион сўмлик бозор очилади.

Ушбу тартибни стратегик корхоналар ва давлат кафолати остидаги лойиҳаларга ҳам татбиқ этиш вазифаси қўйилди. Қурилиш таннархи, маҳаллий маҳсулотлар улуши ва энергия самарадорлиги юзасидан қатъий назорат ўрнатилади.

Теглар

Мавзуга оид