Logo

Ўзбекистонда «10 минг қадам пиёда» акцияси қайта тикланади

Бугун 16:083 дақиқа

Республика бўйича энг кўп қадам юриб 1–3-ўринларни эгаллаган иштирокчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Лекин айрим ҳолатларда қадамлар ҳисобга ўтмайди. Акцияни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Ўзбекистонда «10 минг қадам пиёда» акцияси қайта тикланади © Ijtimoiy tarmoqlar

«Ўн минг қадам пиёда» акциясини амалга ошириш ва рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. У 13-ноябргача давом этади.

Ушбу низом «Экофаол фуқаро» платформаси орқали акцияни амалга ошириш ва рағбатлантириш тартибини белгилайди. Ҳужжатнинг амал қилиши давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат муассасалари, давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, нодавлат ташкилотлари вакиллари ҳамда фуқароларнинг ихтиёрий иштирокига нисбатан, шунингдек, фақат Ўзбекистоннинг 18 ёш ва ундан юқори ёшдаги фуқаросига нисбатан татбиқ этилади.

Мақсад аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, пиёда юриш маданиятини ривожлантириш, фуқароларнинг кундалик жисмоний фаоллигини ошириш, яшил ҳудудлар ва жамоат масканларидан самарали фойдаланишни рағбатлантириш, рақамли технологиялар орқали соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлашдан иборат. Бунда мобил илова орқали платформада рўйхатдан ўтган фуқароларнинг қадамлари тўғрисидаги маълумот веб-порталга интеграция қилинган ҳолда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан кўриб борилади.

Иштирокчиларни рағбатлантириш ҳамда рейтинг баҳолаш қонунийлик, ихтиёрийлик, ошкоралик, холислик, адолатлилик, тенглик, шаффофлик ва шахсга доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши принциплари асосида амалга оширилади. Республика бўйича энг кўп қадам юриб 1–3-ўринларни эгаллаган иштирокчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Бунда Ўзбекистон ҳудудида бир йил мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бўйича юқори натижа кўрсатган иштирокчилар алоҳида, республика бўйича 1–3-ўринлар алоҳида аниқланади.

Мувофиқлаштириш натижаларига кўра, акцияда ғолиб ва совриндор бўлган фуқаролар ҳар йилнинг декабр ойининг учинчи декадасида бир йилда бир марта Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

Белгиланган тартибни бузган (бузишда гумон қилинган) фуқароларнинг аккаунтига чекловлар (вақтинча чекловлар) ўрнатилади ва платформада алдов йўли билан ғолиб бўлган иштирокчилар дисквалификация қилинади.

Қуйидагилар низом талабларини платформа орқали бузиш ҳисобланади:

бошқа шахснинг аккаунтидан фойдаланиш;
электрон югуриш йўлаги, автулов, самокат, велосипед, скутерлар ва бошқа техника воситаларидан фойдаланиш;
техник воситалар ёрдамида сунъий равишда қадамларни кўпайтириш;
платформа фаолиятига ноқонуний аралашиш.

Оператор қуйидаги ҳолларда иштирокчи натижаларини текшириш ҳуқуқига эга:

ғайритабиий юқори кўрсаткичлар аниқланганда;
сунъий интеллект ёки автоматлаштирилган дастурлардан фойдаланиш аломатлари мавжуд бўлганда;
бошқа иштирокчиларнинг мурожаатлари келиб тушганда;
техник носозликлар кузатилганда.

Ўзи бу акция қачон пайдо бўлган?

Илк марта 2021-йил 1-июнда «Соғлом турмуш тарзи» — «1hls.uz» платформаси ишга туширилиб, 10 минг қадам юрганларга 3000 сўмдан пул тўлаш йўлга қўйилганди. Мақсад аҳоли орасида кунлик юриш ва югуришни оммалаштириш эди. Аммо лойиҳа орадан 1 йил ўтиб, президентнинг 2022-йил 6-апрелдаги фармони билан бекор қилинди. Президентнинг 2026-йил 25-мартдаги «Эко-маданият» умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорида 10 минг қадам пиёда юриш тажрибасини қайта тиклаш белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «10 минг қадам пиёда» ташаббуси қайта тикланиши режалаштирилаётгани ҳақида ёзган эдик.

Теглар

Мавзуга оид