
Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш: 1,5 ойда 71 та саволга жавоб изланади
Аҳолига тегишли саволлар миллий таркиб, фуқаролик, оилавий ҳолати, бандлик ва даромад, турар жой шароити, чорвачилик, ер ва экин майдонлари каби масалаларни қамраб олади.

2026 йилнинг 15 январидан 28 февралигача Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишдек муҳим тадбир ўтказилади. Бу тадбир сўнгги марта Ўзбекистонда 1989 йилда ўтказилган.

Тошкентдаги «Renessans» кино уйида Миллий статистика тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган «Миллий статистикада янги босқич: шаффофлик ва халқаро стандартлар сари» халқаро амалий конференцияда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик ишлари юзасидан батафсил маълумот берилди. .
Миллий статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамраев, UNFPAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Матлуба Умурзақова ва Жаҳон банки Бош статистиги ўринбосари Оливие Дюприе томонидан аҳолини рўйхатга олишда замонавий технологиялардан фойдаланиш, ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, халқаро тажриба ва аниқликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Катта жараёнга тайёргарлик ўлароқ, 2021 йил 1-25 ноябр кунлари Яшнобод тумани (Тошкент шаҳри), Юқори Чирчиқ тумани (Тошкент вилояти), Хўжаобод тумани (Андижон вилояти) ва Хива шаҳри (Хоразм вилояти) да аҳолини рўйхатга олиш, 2022 йил 1-31 август кунлари Паркент тумани (Тошкент вилояти), Жомбой тумани (Самарқанд вилояти) да қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш синов тариқасида ўтказилгани таъкидлаб ўтилди. Ушбу синов тадбирлари давомида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини ршйҳатга олишнинг ахборот тизими ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди.
Рўйхатга олиш жараёнидаги ташкилотчилик ишлари, маълумотларни қабул қилиш ва қайта ишлашни рақамлаштириш, аҳолини қамраб олишнинг самарали механизмлари ҳақида таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Қайд этиб ўтиш керак, Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири 2026 йил 15 январдан 28 февралгача икки босқичда ўтказилади.
Биринчи босқич — онлайн тарзда ўтказилади ва 17 кун давомида фуқаролар census.stat.uz сайти орқали OneID тизими ёрдамида мустақил равишда маълумот киритади.
Уй хўжалиги бошлиғи ёки аъзоси агар оила аъзолари ҳақида аниқ ва тўлиқ маълумотга эга бўлса, рўйхатга олиш саволномасини ўзи ва уй хўжалигининг барча аъзолари учун тўлдириши мумкин.
Иккинчи босқичда — 25 кун давомида «маҳалла еттилиги» аъзолари томонидан уйма-уй юриб маълумот йиғилади. Йиғилган маълумотлар халқаро стандартлар асосида қайта ишланади.
Сўровнома жами 71 та саволдан иборат бўлиб, уларнинг 54 таси аҳолига, 17 таси қишлоқ хўжалигига оид.
Аҳолига тегишли саволлар миллий таркиб, фуқаролик, оилавий ҳолати, демография, бандлик ва даромад, турар жой шароити, чорвачилик, ер ва экин майдонлари каби масалаларни қамраб олади.

Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишда 140 минг 967 та фермер хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги ташкилотлари қамраб олиниши кўзда тутилган. Шунингдек, 5,5 млн деб тахмин қилинаётган томорқа ерларига эга хўжаликлар ҳам 17 та саволга жавоб беришади. Бунда ҳам интернет орқали мустақил ёки уйма-уй юрилганда планшет орқали рўйхатга олинади.
Тадбирда Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA), БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) Ўзбекистондаги ваколатхонаси, вазирлик ва идоралар вакиллари, халқаро экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Конференция миллий статистика тизимини янада ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар ва амалий тавсиялар билан ўз ишини якунлади.
Теглар






