Ўзбекистонда исломий банк фаолияти учун илк лицензия берилди
Марказий банк исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун илк лицензияни «Open bank» га топширди. Тегишли қарор 23-октябр куни қабул қилинган.

Марказий банк «Open bank» акциядорлик жамиятига исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун мамлакатдаги илк лицензияни берди. Тегишли қарор 2026-йил 23-октябрда қабул қилинган.
Хусусан, Марказий банк бошқарувининг 28/1-сонли қарорига мувофиқ, «Open bank» АЖга исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи 1-И-сонли лицензия топширилди.
Қайд этилишича, лицензия Ўзбекистон Республикасининг «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуни 5¹-моддасида назарда тутилган исломий молия операцияларини амалга оширишни қамраб олади.
Марказий банк банк хизматларидан фойдаланишдан аввал молия ташкилотининг тегишли лицензияга эканини регуляторнинг расмий веб-сайти орқали текширишни тавсия қилди.
Банк ҳақида
«Open bank» 2022-йил 24-декабрда рўйхатдан ўтказилган. Org.info маълумотларга кўра, банкнинг устав фонди 500 млрд сўмни ташкил этади. Унинг раҳбари Тўраев Азамат Шуҳратович, таъсисчиси эса «Future Open Technology Group» АЖ бўлиб, у компаниянинг 100 фоиз улушига эгалик қилади.
2025-йил сентябрида «Open bank» аввалги «Smartbank» номини ўзгартирган эди. Ўшанда банк акцияларининг 85,1 фоизи «Future Open Technology Group» компаниясига, 10 фоизи Комилхўжа Султоновга ва 4,9 фоизи Зафар Адиловга тегишли бўлган.
Исломий банклар фаолияти ҳақида
Аввалроқ Vaqt.uz Ўзбекистонда исломий банкларни лицензиялаш тартиби тасдиқлангани ҳақида хабар берган эди.
«Al Mualamat Consulting» вакили Ҳайотжон Азимовнинг Vaqt.uz’га маълум қилишича, исломий банк тизимини йўлга қўйиш фақат лицензия бериш билан чекланмайди. Бунда банкларнинг ахборот технологиялари тизимларини мослаштириш, исломий ва анъанавий молия операциялари ҳисобини ажратиш ҳамда омонатларни кафолатлаш механизмларини ишлаб чиқиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Бугунгача 17 та тижорат банки, жумладан давлат банклари ҳам исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олишга ариза топширган.
Шунингдек, исломий банклар фаолиятида маблағлар ва ҳисобларни ажратиш талаби қонунчилик ҳамда Марказий банк низомларида белгиланган. Исломий омонатларни кафолатлаш жамғармасини ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.





