Ўзбекистонда коррупционерларнинг электрон реестри юритилади
Электрон реестрга киритилган шахслар давлат хизмати ва раҳбарлик лавозимларида ишлай олмайди, давлат мукофотларига тавсия этилмайди.

Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахслар Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг электрон реестрига киритилади. Бу ҳақда 22-июн куни қабул қилинган қонунда белгилаб қўйилди.
Янги ўзгартиришларга кўра, Ички ишлар вазирлиги коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларга нисбатан айблов ҳукми қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан 3 иш куни ичида реестрга шахс ҳақидаги маълумотларни киритади.
Электрон реестрда коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахслар тўғрисидаги маълумотлар Жиноят кодексида белгиланган судланганлик муддати давомида сақланади.
Электрон реестрга киритилган шахсларга нисбатан қуйидаги чекловлар белгиланади:
— давлат хизматига кириш ва давлат мукофотлари билан тақдирланиш;
— сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодининг кўрсатилиши;
— давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзоси бўлиш;
— ўзи таъсис этган ва устав фондидаги улушининг 50 фоизидан кўпроқ қисмига ўзи эгалик қиладиган тадбиркорларнинг давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда иштирокчи сифатида қатнашиш;
— давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотларда ва давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиш.
Шунингдек, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, давлат органлари ва ташкилотлари, ҳудудлар ва соҳалар кесимида коррупция даражасини аниқлаш ва уни минималлаштириш мақсадида коррупцияга оид хавф-хатарлар харитаси шакллантирилади.
Хавф-хатарлар харитаси қуйидагилар асосида шакллантирилади:
— коррупцияга оид жиноятчилик статистикаси;
— коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили;
— аҳолининг коррупцияга бўлган муносабати;
— коррупцияга қарши курашиш бўйича сиёсатнинг самарадорлигига доир маълумотлар;
— коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг ахбороти.
Коррупцияга оид хавф-хатарлар харитаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан юритилади.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик натижасида тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш қонунда белгиланган тартибда, ваколатли давлат органининг, манфаатдор шахснинг аризасига асосан суд томонидан амалга оширилади.
Ўзи меҳнат фаолиятини олиб бораётган давлат органида коррупцияга оид жиноят тўғрисида асосли хабар берган шахсга Коррупцияга қарши курашиш агентлигини олдиндан хабардор этмасдан 2 йил давомида интизомий жазо чораларини қўллашга йўл қўйилмайди.





