Ўзбекистонлик ҳарбийлар АҚШда рекорд ўрнатди

Бугун 18:451 дақиқа

Миссисипидаги халқаро мусобақада ўзбекистонлик ҳарбийлар жисмоний ва тактик синовларда энг юқори натижаларни қайд этди.

Ўзбекистонлик ҳарбийлар АҚШда рекорд ўрнатди

Ўзбекистонлик ҳарбийлар АҚШда ўтказилган “Энг илғор жангчи–2026” мусобақасида рекорд натижаларни қайд этди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ахборотига кўра, ҳарбий хизматчилар Илҳом Саломов ва Турдимурод Авлаев 16–18 март кунлари Миссисипи штатидаги “Camp Shelby” ҳарбий-ўқув базасида бўлиб ўтган мусобақада иштирок этган. Улар АҚШ Миллий гвардияси махсус бўлинмалари ҳарбийлари билан беллашган.

Мусобақа доирасида иштирокчилар 13 та мураккаб шартни бажарган. Улар орасида тўсиқлар йўлагидан ўтиш, тунда 15 км масофага ориентирлаш, 20 кг юк билан 20 км марш югуриш, артиллерия оловини бошқариш ҳамда НАТО стандартлари бўйича қуролларни йиғиш ва ажратиш каби синовлар бор.

Жамоавий баҳсда ўзбекистонлик ҳарбийлар 20 кг юк билан 20 км масофани 1 соат 48 дақиқада босиб ўтиб, мусобақа рекордини янгилади.

Якка баҳсларда эса Турдимурод Авлаев тўсиқлар йўлагини 10 дақиқа 34 сонияда босиб ўтди, Илҳом Саломов эса тунда 15 км ориентирлашни 59 дақиқада бажарди.

Қайд этилишича, ҳар икки ҳарбий ушбу натижалари орқали бир нечта шартлар бўйича мусобақа рекордларини янгилаган. Якунда улар махсус соврин билан тақдирланди.

Маълумот учун, ўзбекистонлик ҳарбийлар мазкур мусобақада 2019 йилдан бери мунтазам иштирок этиб, юқори натижаларни қайд этиб келмоқда. Илгари улар Покистондаги халқаро мусобақада ҳам рекорд ўрнатган эди.

Теглар

Мавзуга оид