Ўзбекистонликлар учун Мисрга киришнинг янги тартиби 2027 йилгача кечиктирилди
Ўзбекистонликларнинг Мисрга саёҳат қилиши учун 5000 долларгача нақд пул ва яқин қариндошлар ҳамроҳлигини талаб қилиш тартибининг кучга кириши 2027 йил 1 мартга қадар кечиктирилди.

Ўзбекистон фуқароларининг Миср Араб Республикасига киришига оид янги қоидаларни жорий этиш муддати 2027 йил 1 мартга қадар кечиктирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатнинг Қоҳирадаги элчихонаси томонидан Миср ҳукумати билан олиб борилган тўғридан-тўғри музокаралар натижасида шундай келишувга эришилган.
Янги қоидалар кучга киргунига қадар Ўзбекистон фуқаролари Мисрга амалдаги тартиб асосида саёҳат қилишлари мумкин бўлади.
«Ўзбекистон ТИВ хорижий ҳамкорлар билан фуқароларнинг чет элга сафар қилиш имкониятларини кенгайтириш, визасиз режимларни жорий этиш ҳамда бошқа хорижий давлатлар билан мавжуд сафар тартиб-таомилларини соддалаштириш борасида изчил ишларни давом эттирмоқда», - дейилади хабарда.
ТИВ ўзбекистонликларни хорижий давлатларга сафар қилиш чоғида маҳаллий қонунчилик ва белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий риоя этиш, виза ва миграция талабларини бажариш, шунингдек, борилаётган мамлакатнинг миллий қадриятлари, анъаналари ва жамоат тартибини ҳурмат қилишга чақирди.
«Ҳар бир фуқаронинг хорижда масъулиятли хулқ-атвор намоён этиши Ўзбекистоннинг ижобий имижини мустаҳкамлаш ва мамлакатимизнинг халқаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга хизмат қилади», - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси 2026 йилнинг 1 ноябридан эътиборан фуқароларнинг Мисрга сафар қилиш тартиби кескинлаштирилишини маълум қилган эди. Эълон қилинган янги талабларга кўра, 40 ёшгача бўлган сайёҳлар Мисрга фақат яқин оила аъзолари (ота-онаси, турмуш ўртоғи ёки фарзандлари) ҳамроҳлигида кириши ҳамда оиланинг ёнида камида 5000 АҚШ доллари нақд маблағи бўлиши белгиланганди. 40 ёшдан юқори бўлган мустақил саёҳатчилардан эса камида 3000 АҚШ доллари миқдорида нақд пул талаб қилиниши айтилган.
Шунингдек, йўловчилар чегарада меҳмонхона брони ва етарли молиявий таъминотни тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатиши шартлиги, Миср ҳудудида туристик визани бошқа турдаги визага алмаштириш тақиқланиши билдирилган. Ушбу талабларни бажармаган фуқаролар мамлакатга киритилмасдан, уларни олиб келган авиакомпания орқали ортга қайтарилиши қайд этилган эди.





