Паст даромадли оилалар пулининг учдан бир қисмини таълимга сарфлайди – тадқиқот
Кам таъминланган оилалар таълим учун ўз даромадининг нисбатан катта қисмини сарфлаётган бўлса-да, лекин улар фарзандларининг минимал билим даражасига эришиши бойроқ оилалар фарзандларига нисбатан 3 баробар паст. Ижтимоий сиёсат лабораторияси Ўзбекистонда таълимдаги тенгсизликка таъсир қилаётган омилларни ўрганди.

Энг кам даромадли оилалар умумий истеъмол харажатларининг 28 фоизини мактаб таълимига сарфлайди. Бу ҳақда “Ижтимоий-сиёсат лабораторияси” ўтказган тадқиқотида келтирилган.
Энг юқори даромадли оилаларда эса бу кўрсаткич 14,3 фоизни ташкил этади. Чунки даромади юқори оилалар пул ҳисобида кўпроқ харажат қилиши мумкин. Бироқ кам таъминланган оилалар учун таълим харажатлари оилавий бюджетнинг анча катта қисмини эгаллайди. Бу эса бошқа зарур эҳтиёжлар — озиқ-овқат, соғлиқни сақлаш ёки уй-рўзғор харажатларини қисқартириш эвазига қопланиши мумкин.

Бошқача айтганда, кам таъминланган оилаларнинг бюджетида таълим харажатлари анча катта ўрин эгаллайди.
Даромад ошгани сари шаҳар оилалари дарсликлар, канцелярия буюмлари ва қўшимча таълим ресурсларига қишлоқ оилаларига қараганда кўпроқ маблағ сарфламоқда. Бу таълимдаги имкониятлар тафовути вақт ўтиши билан янада чуқурлашиши мумкинлигини кўрсатади.
Оилавий шароит ва билим натижалари
Бойроқ оилаларда улғаяётган ўқувчиларнинг минимал билим даражасига эришиши кам даромадли оила фарзандларига нисбатан қарийб уч баравар юқори. Таҳлил натижаларига кўра, ўқувчининг мактабдаги муваффақияти фақат унинг қобилияти ёки меҳнатига боғлиқ эмас. Оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, яшаш шароити, гаджетлардан фойдаланиш имконияти ва таълим олаётган мактаб сифати ҳам муҳим.
PISA методологиясига кўра, ўқувчиларнинг билим ва кўникмалари 1-даражадан 6-даражагача баҳоланади. Шундан 2-даража ўқувчи эгаллаши зарур бўлган минимал билим ва кўникмалар чегараси ҳисобланади. Бу даражага эришган ўқувчи кундалик ҳаётда учрайдиган оддий математик масалаларни еча олади, матн мазмунини тушунади ва олган билимини амалиётда қўллай олади:

Масалан, математикадан ушбу даражага эришган ўқувчилар улуши 1-детсилда 10 фоиз, 10-детсилда эса 33 фоизни ташкил этади. Ўқиш саводхонлигида бу кўрсаткич мос равишда 6 ва 23 фоиз, табиий фанларда эса 10 ва 29 фоизни ташкил этган.
Тадқиқотда ўқувчилар оиласининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатига қараб 10 та тенг гуруҳ — детсилларга ажратилган. Оддий қилиб айтганда, агар 100 нафар ўқувчини оиласининг даромади, ота-онасининг маълумоти ва уй шароитига қараб тартибланса, энг паст кўрсаткичга эга 10 фоизи 1-детсил ,энг юқори кўрсаткичга эга 10 фоизи эса 10-детсилни ташкил этади. Бу усул ўқувчилар ўртасидаги имкониятлар тафовутини аниқроқ кўришга ёрдам беради.
Ўқувчиларнинг натижалари 1-детсилдан 6-детсилгача кескин ўзгармайди. Сезиларли ўсиш фақат 7-детсилдан бошлаб кузатилади. Яъни бу – оиланинг моддий ва ижтимоий шароити маълум даражага етмагунча, таълим натижаларида жиддий ўзгариш бўлмаслигини англатади.
Бундай ҳолат бир қарашда парадоксдек туюлиши мумкин. Чунки мактаб бир хил дастур асосида ишлайди, дарсликлар ҳам деярли бир хил. Аммо ўқувчи мактабдан ташқарида қандай муҳитда яшаётгани, уйида китоб, компьютер ёки интернет бор-йўқлиги, ота-онасининг таълим даражаси ва фарзандига қандай шароит яратиб бера олиши унинг билим натижаларига бевосита таъсир кўрсатади.
Компьютер ва интернетдан фойдаланиш имконияти
Энг кам таъминланган оилаларда яшовчи ўқувчиларнинг атиги 28 фоизи уйида компьютер ёки планшетга эга. Энг юқори ижтимоий-иқтисодий гуруҳда эса бу кўрсаткич 90 фоизга етади.
Шунингдек, бир хил даромадга эга оилалар солиштирилганда ҳам қишлоқдаги ўқувчиларнинг компьютерли бўлиш эҳтимоли шаҳардагиларга нисбатан пастроқ. Демак, таълимдаги тенгсизликни фақат оиланинг даромади билан изоҳлаб бўлмайди. Яшаш ҳудуди ва инфратузилма ҳам муҳим омиллардан бири бўлиб қолмоқда.
Муаммо фақат оила даромадидами?
Кўпинча ўқувчиларнинг билим даражасидаги тафовут оиланинг моддий аҳволи билан изоҳланади. Бироқ тадқиқот натижалари масаланинг бундан мураккаброқ эканини кўрсатмоқда.
Ҳисоботда қўлланган Oaxaca–Blinder декомпозицияси натижаларига кўра, бой ва камбағал оилалар фарзандлари ўртасидаги билимлар тафовутининг ярмидан кўпи мактаб омиллари билан изоҳланади. Бу ўқувчиларнинг билим натижаларига улар таҳсил олаётган мактабнинг сифати ҳам таъсир кўрсатишини англатади.
Қизиғи, қишлоқ ва шаҳар ўқувчилари ўртасидаги билимлар тафовутини фақат яшаш жойи билан изоҳлаб бўлмайди. Дастлабки натижаларда шаҳар ўқувчилари қишлоқдаги тенгдошларига нисбатан юқори натижа кўрсатаётгандек туюлади. Бироқ бошқа омиллар ҳам ҳисобга олинганда, бу фарқ сезиларли даражада қисқаради. Бу эса ўқувчиларнинг билим натижаларига қишлоқ ёки шаҳарда яшаши эмас, балки оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, мактаб сифати ва таълим ресурсларидан фойдаланиш имконияти каби омиллар кўпроқ таъсир қилаётганини билдиради.
Ота-оналар фаоллиги ва имкониятлар
MICS 2021–2022 маълумотларида қайд этилишича, Ўзбекистонда ота-оналарнинг аксарияти фарзандининг таълим жараёнида фаол иштирок этади. Улар ота-оналар йиғилишларида қатнашади, уй вазифаларини назорат қилади, ўқишдаги ютуқ ва муаммолар билан мунтазам қизиқади. Бу кўрсаткич деярли барча ижтимоий-иқтисодий гуруҳларда 90 фоиздан юқори. Демак, таълимдаги тафовутни ота-оналарнинг бефарқлиги билан изоҳлаш қийин.
Асосий фарқ ота-онанинг истагида эмас, балки бу истакни амалга ошириш имкониятида кўринади. Масалан, ота-она фарзандига қўшимча топшириқлар ишлашини айтиши мумкин. Лекин уйда компьютер ёки интернет бўлмаса, қўшимча ресурслардан фойдаланишнинг имкони бўлмайди. Ёки фарзандини ихтисослаштирилган мактабга тайёрлашни хоҳлайди, бироқ пулли тайёрлов курслари оила учун қимматлик қилиши мумкин.
Таълимдаги тафовутни камайтириш учун тавсиялар
Ҳисобот муаллифи Улуғбек Турсунов таълимдаги тенгсизликни камайтириш учун бир қатор амалий тавсияларни илгари суради.
Биринчидан, мактаблар ўртасидаги таълим сифати тафовутини қисқартириш зарур. Нисбатан қуйи ижтимоий-иқтисодий статусга эга оилалар фарзандлари кўпроқ ўртача ўзлаштириш даражаси паст бўлган мактабларда таҳсил олмоқда. Шу боис бундай мактабларни аниқлаш, уларнинг фаолиятини мунтазам мониторинг қилиш ва таълим сифатини оширишга қаратилган чораларни кучайтириш лозим.
Иккинчидан, паст даромадли оилалар фарзандларининг ихтисослаштирилган мактабларга кириш имкониятларини кенгайтириш керак. Бунинг учун мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш тавсия этилади.
Учинчидан, ихтисослаштирилган мактаблар қошида паст даромадли оилалар фарзандлари учун кириш имтиҳонларига бепул тайёрлов курсларини ташкил этиш таклиф этилганади. Бундай курслар ушбу тоифадаги ўқувчиларнинг ихтисослаштирилган мактабларга қабул қилиниш эҳтимолини оширишга хизмат қилиши мумкин.
Ҳисоботдан келиб чиқиб, хулоса қилиш мумкинки, ўқувчиларнинг академик натижалари фақат оиланинг иқтисодий ҳолати билан белгиланмайди. Мактабдаги таълим сифати, компьютер, интернет ва бошқа таълим ресурсларидан фойдаланиш имконияти ҳам натижаларга таъсир қилади. Шу сабабли оилаларни қўллаб-қувватлашдан, мактаблар ўртасидаги сифат тафовутини қисқартириш ва барча болалар учун тенг таълим шароитини яратиш учун таълимдаги тафовутни камайтириш керак бўлади.
Аввалроқ Vaqt.uz PISA 2022 натижалари юзасидан экспертлар ва Таълим вазирлиги вакиллари иштирокидаги муҳокамаларни таҳлил қилган эди.
Муаллиф: Диёра Хабибуллаева





