Logo

«Poytaxt bank» 10 млн долларлик валюта облигацияларини рўйхатдан ўтказди

Бугун 14:273 дақиқа

Қимматли қоғозларнинг амал қилиш муддати тугагач, инвесторларга тўловлар АҚШ долларида, нақд пулсиз шаклда қайтарилади. Номинал сумма ҳамда охирги давр учун ҳисобланган фоизлар облигациялар муомаласи якунланган кундан бошлаб 10 иш куни ичида инвесторлар ҳисобларига бориб тушади.

«Poytaxt bank» 10 млн долларлик валюта облигацияларини рўйхатдан ўтказди © Ijtimoiy tarmoqlar

«Poytaxt bank» умумий қиймати 10 миллион долларга тенг корпоратив облигациялар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказди. Бу ҳақда Корпоратив ахборот ягона порталида қайд этилган.

Облигациялар чиқарилиши 2-ноябр куни PO894-1 рақами билан рўйхатга олинган. Эмиссия доирасида номинал қиймати 100 доллардан бўлган 100 минг дона ҳужжатсиз шаклдаги фоизли номли облигация чиқарилади.

Облигацияларнинг муомала муддати — 365 кун. Купон даромади номинал қийматдан йиллик 8,5 фоиз миқдорида ҳисобланади. Муомала даври 12 та оралиқ даврга бўлинган (еттитаси 30 кунлик, бештаси 31 кунлик), фоиз даромади ҳар бир давр тугагандан кейин 10 иш куни ичида тўланади. Шу тариқа, инвестор бир йил давомида 12 марта фоиз олади.

Ҳисоб-китобларга кўра, 100 долларлик битта облигация эгаси 30 кунлик давр учун тахминан 0,70 доллар, 31 кунлик давр учун 0,72 доллар, бир йилда эса жами 8,5 доллар купон даромади олади. Эмиссия тўлиқ жойлаштирилса, банк инвесторларга ҳар ойда 70–72 минг доллар, бутун муддат давомида эса 850 минг доллар фоиз тўлайди.

Облигацияларни чиқаришда улар бўйича қўшимча таъминот йўқ. Қимматли қоғозларнинг амал қилиш муддати тугагач, инвесторларга тўловлар АҚШ долларида, нақд пулсиз шаклда қайтарилади. Номинал сумма ҳамда охирги давр учун ҳисобланган фоизлар облигациялар муомаласи якунланган кундан бошлаб 10 иш куни ичида инвесторлар ҳисобларига бориб тушади.

Ҳисоб-китоблар Марказий депозитарий орқали агент банк ёрдамида амалга оширилади. Бунда жисмоний шахсларга тегишли маблағлар агент банкдаги шахсий валюта ҳисобларига, ташкилотларники эса юридик шахсларнинг валюта ҳисобварақларига ўтказилади.

Облигациялар «Тошкент» Республика фонд биржасининг «Bond Market» бозорида эркин савдо учун таклиф этилади. Уларни сотиб олишда инвесторлар сонига чеклов қўйилмайди. Банк Кузатув кенгаши ҳам облигацияларни мазкур бозор листингига киритишни маъқуллаган.

Облигацияларни жойлаштириш жараёни уларнинг давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳақидаги хабар Корпоратив ахборот ягона портали ва банкнинг расмий сайтида эълон қилинганидан 15 календар кун ўтгач бошланади. Жойлаштириш учун 120 иш кунигача вақт ажратилади. Ҳар бир оралиқ даврнинг биринчи кунида облигациялар номинал қиймат бўйича, кейинги кунларда эса тўпланган фоиз даромади қўшилган ҳолда сотилади.

Облигацияларни чиқариш ва бозорга жойлаштириш жараёнини «FREEDOM FINANCE» МЧЖ ташкил этади. Компания ушбу жараёнда инвестиция воситачиси ва андеррайтер вазифасини ҳам бажаради. Андеррайтинг «энг яхши ҳаракатлар» (best efforts) тамойили асосида олиб борилади. Яъни, компания облигацияларни инвесторларга сотишга ёрдам беради, аммо сотилмай қолган қимматли қоғозларни ўз ҳисобидан сотиб олиш мажбуриятини олмайди.

Шунингдек, банк ва компания ўртасида келгусида бир нечта облигация эмиссиясини амалга оширишга асос бўладиган андеррайтинг бўйича бош шартнома тузиш ҳам маъқулланган.

Валютада чиқарилаётган облигациялар давлат раҳбарининг 2025-йил 18-декабрдаги «Капитал бозорида инвестиция муҳитини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони асосида жорий қилинган махсус ҳуқуқий тартиб — «тартибга солиш қумдони» доирасида муомалага чиқарилмоқда. «Poytaxt bank» ушбу махсус режим иштирокчилари сафига июл ойининг охирида қўшилган.

Валютадаги облигацияларни чиқариш, сотувга жойлаштириш ва уларнинг муомалада бўлиш қоидалари Адлия вазирлигида 29-апрель куни 3826-сон билан рўйхатга олинган низомда белгиланган. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, битта эмитент чиқариши мумкин бўлган валютали облигацияларнинг умумий қиймати 50 миллион доллардан ошмаслиги лозим. «Poytaxt bank» режалаштирган эмиссия орқали белгиланган лимитнинг 20 фоизидан фойдаланади.

Маълумот учун, «Poytaxt bank» Марказий банк томонидан берилган 84-сонли лицензия асосида фаолият юритадиган акциядорлик тижорат банки ҳисобланади. Унинг бош офиси Тошкент шаҳрида жойлашган, банк 2019-йилда иш бошлаган. 2024-йилнинг октябр ойида банкнинг давлатга тегишли 100 фоиз акциялари Бирлашган Араб Амирликларининг «Bond Investments Limited» компаниясига 10 миллион долларга сотилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда учта банк 40 миллион долларлик облигация чиқараётгани ҳақида ёзган эдик. Улардан бири айнан «Poytaxt bank». Муаммоли кредитларнинг жами кредитлардаги улуши бўйича ҳам ушбу банк яна бошқа банклар билан юқори ўринларда турибди.

Теглар

Мавзуга оид