Президент қорақалпоғистонлик икки нафар тадбиркорни мукофотлади
Улардан бирига «Дўстлик» ордени, иккинчисига эса «Хизмат кўрсатган ихтирочи ва рационализатор» фахрий унвони берилди.
© Foto: president.uzҚорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган икки нафар тадбиркор мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишдаги хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан давлат мукофотларига муносиб кўрилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Нукус туманидаги асаларичилик хўжалиги раҳбари Жубаев Бахтияр Тайлакович «Дўстлик» ордени билан мукофотланган. Ушбу мукофот тадбиркорнинг мамлакатда асаларичиликни ривожлантириш ва соҳада истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга қўшган муносиб ҳиссаси учун берилган.
Президент фармонида таъкидланишича, тадбиркор кооперация асосида ўз фаолиятини кенгайтириб, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш борасида алоҳида ташаббускорлик кўрсатмоқда.
Шунингдек, унинг жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанга муҳаббат руҳида, меҳнатсевар ва шижоатли этиб тарбиялаш йўлидаги ибратли ишлари эътироф этилган.
Инновациялар ва ишлаб чиқаришдаги хизматлар учун мукофот
Қораўзак туманидаги «Қорақалпоқ цемент» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Шукуров Анвар Исматовичга эса «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ихтирочи ва рационализатор» фахрий унвони берилди.
Унга мазкур унвон замонавий илм-фан ютуқлари ва инновацион технологияларни самарали қўллаган ҳолда саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда энергетика каби муҳим соҳаларда импорт ўрнини босадиган юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйгани учун топширилган.
Фармонда янги иш ўринларини яратиш, мамлакат тараққиётини юксалтириш ва ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки тадбиркорнинг эришган катта ютуқлари қаторида саналган.





