Путин Хитойда «ядровий чамадон» билан кўриниш берди
Владимир Путинга ядро қуролидан фойдаланиш имконини беради деб ҳисобланадиган махсус чамадон Шэнчжэнда омма эътиборига тушди. Хўш, «Қизил тугма» ҳақиқатан ҳам борми?
© Foto: Reuters19 ноябр куни АҚШ, Хитой ва Россия етакчилари Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити доирасида уч томонлама музокаралар ўтказиш учун Хитой жанубидаги Шэнчжэн шаҳрига борди. Ташриф чоғида Россия ҳарбий кийимидаги бир кишининг сирли қора чамадон кўтариб юргани кўпчиликнинг эътиборини тортди.
Россия давлат телевидениеси камераси президент Владимир Путинга ҳамроҳлик қилаётган ҳарбий-денгиз зобитини яқин планда кўрсатар экан, мухбир Евгений Попов чамадонга ишора қилиб, томошабинларга «мана шу ядровий чамадон» дея изоҳ берди. Зобит эса жилмайиб, бу ҳақиқатан ҳам Россия президентига мамлакат ядро арсеналига тўғридан-тўғри кириш имконини берувчи «Чегет» чамадони эканини тасдиқлади.
«Ақл бовар қилмайди», деди Попов.
АҚШ президентида ҳам «nuclear football» номи билан танилган шунга ўхшаш портфел бор ва у доимо давлат раҳбари билан бирга олиб юрилади, бироқ Шэнчжэнда у кўзга ташланмади. Хитой раиси Си Жинпингнинг бундай чамадон билан юриши ёки юрмаслиги эса номаълум.
Хўш, бу чамадонлар шунчаки куч рамзими ёки ҳақиқатан ҳам етакчиларга исталган лаҳзада ядровий зарба беришга буйруқ бериш имконини берадими?
Ядровий чамадон нима?
Бу — ҳарбий қўмондонлик тизимига уланадиган махсус жиҳозланган чамадон бўлиб, давлат раҳбари унинг ёрдамида ядровий ҳужумга буйруқ бериши мумкин.
АҚШ ва Россиянинг (ўша пайтда Совет Иттифоқи) бундай тизимлари Совуқ уруш даврида — икки давлат раҳбарлари қисқа фурсат ичида ядровий зарба бериш бўйича қарор қабул қилиш заруратига дуч келган паллада яратилган. Бироқ «қизил тугма устида турган бармоқ» ҳақидаги тасаввур бирмунча муболаға ҳисобланади: раҳбарнинг буйруғини амалга ошириш учун ҳарбий хизматчилар иштироки ва кенг кўламли алоқа тизими талаб этилади.
АҚШ ва Россиянинг чамадонлари нимаси билан фарқ қилади?
АҚШда «nuclear football» деб аталувчи чамадон тарихи 1962 йилги Кариб инқирозидан ҳам аввалроққа бориб тақалади. Тарихчилар унинг яратилишини Дуайт Эйзенхауэр маъмурияти даври билан боғлайди. Махфийликдан чиқарилган ҳужжатлардан бирига кўра, Эйзенхауэр 1961 йил январ ойида Жон Ф. Кеннеди лавозимига киришишидан бир кун аввал унга ушбу қурилма ҳақида маълумот берган.
АҚШ президенти, шунингдек, «бисквит» деб аталувчи махсус картани ҳам ёнида олиб юради — унда ядровий буйруқ берилганда президент шахсини тасдиқловчи кодлар сақланади. Вице-президент эса давлат раҳбари ваколатларини ўз зиммасига олиш зарурати туғилган тақдирда захира тизим ва тасдиқлаш кодларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Конгресс тадқиқот хизмати маълумотларига кўра, ядро қуролидан фойдаланишга фақат АҚШ президентининг ўзи рухсат бериши мумкин, бироқ у юқори мартабали ҳарбий раҳбарлар билан маслаҳатлашиш ҳуқуқига эга.
Россиянинг «Чегет» чамадони Кавказдаги тоғ шарафига қўйилган. У 1983 йилда Совет қўшинлари тасарруфига киритилган бўлиб, анъанага кўра президентнинг чамадонини ҳарбий-денгиз зобити кўтариб юради. 2015 йилда Екатеринбургдаги Елцин марказида Россиянинг постсовет давридаги биринчи президенти Борис Елцин фойдаланган чамадон намойишга қўйилган эди.
Бугунги «Чегет» президентни Россия армиясининг марказий қўмондонлиги билан боғлайди: у ядро қуролини қўллаш тўғрисидаги буйруқни узатиши мумкин, аммо ракеталарни тўғридан-тўғри учира олмайди. Тахминларга кўра, Россияда бундай чамадонлардан учта мавжуд бўлиб, улар президент, мудофаа вазири ва Бош штаб бошлиғига бириктирилган.
Россиянинг эълон қилинган ядровий доктринасига кўра, ядро қуролини қўллаш ёки қўлламаслик ҳақидаги қарорни президент қабул қилади. «Чегет» «Кавказ» алоқа тизимини қўллаб-қувватловчи «Казбек» бошқарув ва назорат тармоғи орқали ишлайди. Президент буйруғини тасдиқлаш учун ушбу чамадонлардан нечтаси талаб этилиши борасида эса очиқ манбалардаги маълумотлар бир-биридан фарқ қилади.
Давлат раҳбарлари нега уларни доим ўзлари билан олиб юради?
Назарий жиҳатдан, ядровий ҳужум президент самолётда, саммитда ёки меҳмонхонада ухлаб ётган пайтида ҳам бошланиши мумкин. Шу боис ядровий чамадонлар етакчи қаерда бўлишидан қатъи назар, исталган лаҳзада ҳужум ёки жавоб зарбаси бериш имконини яратади. Бу тийиб туриш стратегияси учун ниҳоятда муҳим: рақиб томон жавоб зарбаси муқаррарлигини билса, ҳужум қилиш фикридан қайтиши мумкин.
Иқтисодчи ва стратег Томас Шеллинг 1966 йилда чоп этилган «Қурол ва таъсир» («Arms and Influence») китобида ёзганидек: «Зарар етказиш қудрати — музокаралардаги кучдир».
Россия оммавий ахборот воситалари 2023 йилда Путиннинг Пекинга ташрифи чоғида ҳам унга чамадон кўтарган ҳарбий-денгиз зобитлари ҳамроҳлик қилганини намойиш этган эди. Саммитда «Чегет»нинг кўриниб қолиши ва Шэнчжэндаги кадрлар чамадоннинг ўша ерда эканини тасдиқлаши Россиянинг ядровий арсенали ҳақидаги яққол эслатма вазифасини ўтайди.
«Кремл қўллаб-қувватлайдиган телеканаллар буни намойиш этгани кўп нарсадан дарак беради. Бу шунчаки сиёсий театр ва ўз мамлакатининг дунёдаги мавқеи аввалгидек эмаслигини англаб турган инсоннинг рамзий чиқишидир. АҚШ ёки Хитой билан солиштирганда, Россия аввалги ҳарбий ва иқтисодий салоҳиятга эга эмас — бу эса унинг ўша катта стол атрофида ўз ўрни борлигини намойишкорона кўрсатишга уринишдир», — деди Ланкастер университетининг халқаро сиёсат профессори Саймон Мейбон «Ал-Жазира»га.
Бошқа давлатларда ҳам ядровий чамадонлар борми?
Стокголм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти маълумотларига кўра, дунёда ядро қуролига эга тўққизта давлат бор. Энг кўп маълумот АҚШ ва Россиянинг чамадонлари ҳақида тўпланган. Бошқа мамлакатлар ҳукуматлари эса етакчилари қандай жиҳоз олиб юришидан кўра, ядро қуролини қўллашга ким рухсат бериши мумкинлигини кўпроқ ошкор қилган.
Буюк Британияда ядро қуролидан фойдаланишга фақат бош вазир рухсат бериши мумкин. Шунингдек, ҳар бир янги бош вазир ядро қуролига эга сувости кемалари командирларининг ҳар бири учун биттадан — жами тўртта «сўнгги чора мактуби»ни қўлда ёзиб қолдиради. Унда ядровий ҳужум оқибатида ҳукумат йўқ қилинган тақдирда қандай йўл тутиш кераклиги белгиланади.
Францияда бундай ваколат президентга тегишли. «Le Monde» газетаси 2012 йилда Николя Саркози лавозимини тарк этаётганда ядровий кодларни Франсуа Олландга топширгани ҳақида хабар берган эди.
Хитой «биринчи бўлиб қўлламаслик» сиёсатига амал қилади — яъни Пекин ядро қуролидан фақат бошқа давлатнинг ядровий ҳужумига жавобан фойдаланишини таъкидлайди. Раис Си Жинпингнинг махсус ядровий чамадон билан сафарга чиқиши ёки чиқмаслиги номаълумлигича қолмоқда.
Ҳиндистон ҳукумати ядро қуролини қўллашга фақат бош вазир раислигидаги Ядровий қўмондонлик бошқармасининг Сиёсий кенгаши рухсат бериши мумкинлигини билдирган, бироқ унинг махсус жиҳоз олиб юриши ёки юрмаслиги ноаниқ.
Покистон ва Шимолий Корея ҳам ядро қуролига эга, Исроилда ҳам бундай қурол борлиги айтилади. Аммо уларнинг етакчилари бундай чамадонлар билан юриши ёки юрмаслиги ҳақида очиқ манбаларда ишончли маълумот етарли эмас.





