
Қорақалпоғистондаги туз конига 200 млн долларлик инвестициялар жалб қилинади
Президент қарорига мувофиқ Қўнғирот туманидаги «Барсакелмес» туз кони ҳудудида тузни қайта ишлашга ихтисослаштирилган янги саноат зонаси ташкил этилади.

«Қорақалпоғистон Республикасида тузни қайта ишлашни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–333-сонли президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Телеграм каналида хабар берилди.
Мазкур қарорга кўра, «Барсакелмес» туз конида 2026 йилда камида 50 млн АҚШ доллари миқдоридаги инвестицияларни ўзлаштириш йўлга қўйилади. Шунингдек, 2026–2030 йилларда жами 200 млн АҚШ доллари миқдоридаги инвестицияларни жалб қилинади.
Қарорга асосан Қўнғирот туманидаги «Барсакелмес» туз кони ҳудудида чегараларда тузни қайта ишлашга ихтисослаштирилган «Kungrad Salt Free Zone» саноат зонаси ташкил этилади.
Бундан ташқари, 2025–2026 йилларда 50 гектар ер участкасида инвестиция лойиҳалари амалга оширилади, келгуси йилларда заруратдан келиб чиқиб, Саноат зонаси ҳудуди 200 гектаргача кенгайтириб борилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистонда Ёшлар ижтимоий-иқтисодий маркази барпо қилиниб, у ерда IT университет, стартаплар технопарки ва ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти юритиши ҳақида хабар берган эдик.





