Logo

Қозоғистон инвестиция хавфи бўйича рейтингда 17 поғонага юқорилади

Ўзбекистон ундан анча паст ўринда турибди. Сўнгги 3 йил ичида пандемия, иккита йирик уруш, глобал савдо тизимининг парчаланиши ва Яқин Шарқдаги энергетика инқирози инвесторлар, ҳукуматлар ҳамда халқаро ҳаракатланувчи оилаларни «ҳозир қаер хавфсиз?» деган саволни беришга мажбур қилган.

Қозоғистон инвестиция хавфи бўйича рейтингда 17 поғонага юқорилади © forbes.kz

Қозоғистон «Global Investment Risk and Resilience Index» (Глобал инвестиция хавфи ва барқарорлик индекси) рейтингининг 2026-йил май ойидаги янгиланган натижаларида 17 поғонага кўтарилиб, 53-ўринни эгаллади. Бу мамлакатнинг иқтисодий ва геосиёсий инқирозларга бардош бериш қобилияти бўйича сўнгги йиллардаги энг катта яхшиланишлардан бири ҳисобланади.

Жорий йилнинг май ойидаги индекс мамлакатларни узоқ муддатли барқарорлик кўрсаткичлари ва жорий бозор хавфи маълумотларини бирлаштирган ҳолда баҳолайди. Рейтингда юқори ўринларни эгаллаган давлатлар одатда хавфи пастроқ ва турли инқирозларга чидамлироқ ҳисобланади. Ўриндаги ўзгаришлар хавфнинг мутлақ ошиши ёки камайишини эмас, балки давлатларнинг бир-бирига нисбатан қандай баҳоланаётганини кўрсатади.

Қозоғистон Марказий Осиёда инвестициялар бўйича етакчи давлатга айланмоқда

Янгиланган рейтинг «Henley & Partners» компанияси томонидан «AlphaGeo» билан ҳамкорликда тайёрланган бўлиб, унда 2026-йил 1-апрель ҳолатидаги «Country Risk Premium» (CRP) маълумотлари ҳисобга олинган.
Қозоғистоннинг қўшниси Ўзбекистон рейтингда 81-ўринни, Қирғизистон 96-ўринни, Тожикистон эса 97-ўринни эгаллаган. Рейтингда Швейцария, Дания ва Норвегия етакчилик қилмоқда.

«AlphaGeo» асосчиси ва бош директори Параг Ханна сўнгги уч йил ичида пандемия, иккита йирик уруш, глобал савдо тизимининг парчаланиши ва Яқин Шарқдаги энергетика инқирози инвесторлар, ҳукуматлар ҳамда халқаро ҳаракатланувчи оилаларни «ҳозир қаер хавфсиз?» деган саволни беришга мажбур қилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, янги рейтинг учта муҳим ҳолатни кўрсатади.

Биринчидан, мамлакатнинг узоқ муддатли барқарорлиги ва бозор томонидан баҳоланаётган хавф даражаси ҳар доим ҳам бир хил йўналишда бўлмайди. Айнан шу фарқ инвесторлар учун имкониятлар пайдо бўладиган нуқталардан биридир. Иккинчидан, ривожланган давлатлар доимо хавфсиз, ривожланаётган давлатлар эса хавфли деган анъанавий қараш энди тўлиқ ишламайди. Бугунги кунда барқарорлик мамлакатдан мамлакатга кескин фарқ қилади ва вазият ўзгариши билан тез янгиланади. Учинчидан, халқаро миқёсда фаолият юритувчи оилалар учун энди битта давлатга таяниш етарли эмас.

Энг мақбул йўл — турли давлатлардаги яшаш ҳуқуқи, фуқаролик имкониятлари, активларни жойлаштириш ва ҳаракатланиш имкониятларини диверсификация қилишдир.

Инвесторлар эътибори янги соҳаларга қаратилаётгани айтилди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (UNCTAD) томонидан эълон қилинган Жаҳон инвестиция ҳисоботига кўра, Қозоғистон Марказий Осиёдаги жами хорижий инвестицияларнинг қарийб 66 фоизини жалб қилган ва минтақадаги энг йирик инвестиция йўналиши бўлиб қолмоқда. 2025-йил ҳолатига кўра, Қозоғистондаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар (FDI) захираси 156,4 миллиард долларни ташкил қилган.

Қозоғистоннинг рейтингдаги яхшиланиши инвесторларнинг ривожланаётган бозорларни баҳолаш усули ўзгараётганини ҳам кўрсатади. Авваллари арзон ишчи кучи ва ишлаб чиқариш харажатлари давлатларни глобал ишлаб чиқариш занжирларига жалб қилишда асосий омил бўлган бўлса, ҳозир капитал тобора кўпроқ рақамли инфратузилма, илғор ишлаб чиқариш ва мураккаб технологик соҳаларга йўналтирилмоқда.
Қозоғистон ушбу ўзгаришларга мослашиш учун транспорт йўлаклари, энергетика инфратузилмаси, рақамли алоқа ва замонавий ишлаб чиқариш йўналишларига сармоя киритмоқда ҳамда инвесторларни қўллаб-қувватлаш чораларини кучайтирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой Қозоғистонга катта пул тикаётгани ҳақида ёзган эдик. Қозоғистон томонининг маълум қилишича, имзоланган ҳужжатларнинг умумий қиймати 15 миллиард доллардан ошади.

Теглар

Мавзуга оид