Logo

«Қумтор сценарийси» такрорланиши мумкин: Жапаров «Газпром»ни огоҳлантирганини айтди

Ўз вақтида Қирғизистон ҳукумати бутун бошли газ тизимини 2039 йилгача эгалик қилиш ва бошқариш шарти билан «Газпром»га атиги 1 доллар эвазига сотиб юборган эди.

«Қумтор сценарийси» такрорланиши мумкин: Жапаров «Газпром»ни огоҳлантирганини айтди © Qirg'iziston prezidenti matbuot xizmati

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, агар Россиянинг «Газпром» компанияси мамлакатни тўлиқ газлаштириш бўйича олган мажбуриятини бажармаса, Қирғизистон ҳукумати газ тизимини давлат тасарруфига қайтариб олиши ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда Талас вилоятининг Айтматов ва Манас туманлари аҳолиси билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилинди.

«Биз ўз газ тизимимизга ўзимиз хўжайин эмасмиз»

Учрашувда маҳаллий аҳоли вакили Қурмонбек Дакеевнинг газ масаласидаги саволига жавоб бераркан, Президент Жапаров ҳозирги вақтда Қирғизистон газ тизимини мустақил бошқара олмаслигини, барча ишлар «Газпром» билан келишилган ҳолда амалга оширилишини таъкидлади.

«Биз ўз газ тизимимизга ўзимиз хўжайин эмасмиз. «Газпром» хўжайин. Буни 2039 йилгача деб, бир долларга сотиб юборганмиз. 2013 йилда «бизга «Қирғизгаз» керак эмас, бизга газ керак» деб сотганмиз. Шунинг учун биз газни ўзимиз билганимизча кирита олмаймиз. Қирғизистонда газга боғлиқ ишларни фақат «Газпром» билан келишиб қиламиз», — деди президент.

Унинг қайд этишича, «Қирғизгаз»ни сотиш шартномасида бутун республикани газлаштириш учун маблағ ажратиш мажбурияти кўрсатилган бўлса-да, бу ҳалигача тўлиқ бажарилмаяпти.

«Уч йилдан бери «Газпром» олдига шу масалани қўйиб келяпман: «Агар шартларни бажармасанглар, худди Қумтор олтин конини давлатга қайтариб олганимиздек, газ тизимини ҳам тортиб олиб, бу ишни ўзимиз қиламиз». Шу боис, токи газ тизими тўлиқ ўзимизнинг ихтиёримизга ўтмас экан, газлаштириш бўйича сизларга аниқ ваъда бера олмайман», — дея қўшимча қилди Садир Жапаров.

«Газпром Қирғизистон» 12 йил ичида нималар қилди?

2014 йилда Қирғизистон ҳукумати ва «Газпром» ўртасида тузилган шартномага асосан «Қирғизгаз» корхонасининг 100 фоиз акцияси Россия компаниясига бир долларга берилган. 25 йилга мўлжалланган ушбу келишимга кўра, «Газпром» газ тармоғини таъмирлаш ва ривожлантириш учун камида 20 миллиард рубль сармоя киритиш ҳамда «Қирғизгаз»нинг 40 миллион доллардан ортиқ қарзини тўлашни ўз зиммасига олган эди.

Компания маълумотларига кўра, 2014 йилдан бери Қирғизистонда газ тармоғини ривожлантиришга 34 миллиард сом сарфланган. Бу маблағ ҳисобидан янги газ қувурлари қурилган, эскилари янгиланган ҳамда Бишкек шаҳри, Чуй ва Ўш вилоятларидаги янги аҳоли пунктлари газга уланган.
Мамлакатнинг газлаштириш даражаси 2014 йилдаги 22 фоиздан 2026 йилга келиб 44 фоизга ўсган бўлиб, ҳозирда Қирғизистонда 450 мингга яқин газ абоненти мавжуд. Бундан ташқари, компания ижтимоий лойиҳаларни ҳам амалга ошириб келмоқда.

Газлаштиришга нима тўсқинлик қилмоқда?

«Газпром Қирғизистон» компанияси бош директори ўринбосари Арзимат Алдаяровнинг сўзларига кўра, газлаштириш ишларига иқтисодий ва инфратузилмавий чекловлар таъсир кўрсатмоқда. Унинг таъкидлашича, Қирғизистонда газга бўлган талаб ўсиб бораётган бўлса-да, газни ташиб келиш имконияти ҳозирча чекланган.

Қирғизистонда газ истеъмоли 2014 йилда 210 миллион куб метрни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда бу кўрсаткич 540 миллион куб метрга етган. Янги аҳоли пунктларини оммавий газлаштириш ишлари 2028 йилдан олдин якунланмаслиги мумкин, чунки амалдаги газ инфратузилмаси қуввати янги истеъмолчиларни қўшиш учун етарли эмас.

«Қумтор» кони

«Қумтор» — Қирғизистондаги энг йирик ва Марказий Осиёдаги асосий олтин конларидан бири ҳисобланади. Узоқ йиллар давомида ушбу улкан кон Канаданинг «Centerra Gold» инвестор компанияси томонидан бошқариб келинган. Бироқ 2021 йилда Садир Жапаров ҳокимиятга келгач, экологик ва иқтисодий қоидабузарликларни важ қилиб, кон фаолиятини давлат назоратига олди.

Узоқ давом этган халқаро судлашувлар ва мураккаб музокаралардан сўнг, 2022 йилда Қирғизистон ҳукумати конни тўлиқ миллийлаштиришга эришди ва у юз фоиз давлат мулкига айланди.

Теглар

Мавзуга оид