
Саида Мирзиёева Рим папаси билан учрашди
Учрашув «Инсоний биродарлик» мукофоти ҳайъати йиғилиши доирасида бўлиб ўтган.

Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Қоҳирага ташрифи доирасида «Инсоний биродарлик» мукофоти ҳайъати йиғилишида Рим папаси билан учрашди. Бу ҳақда Мирзиёева ўзининг Telegram саҳифасида маълум қилди.
«Кеча Шайх Зайд номидаги «Инсоний биродарлик» мукофоти ҳайъати йиғилиши доирасида Рим папаси Лео XIV билан учрашув бўлиб ўтди. Мукофотнинг маданиятлараро ва динлараро англашувни кенгайтиришга қаратилган фаолиятининг асосий йўналишларини муҳокама қилдик. Ўзбекистонда турли конфессиялар вакиллари, жумладан католиклар, тотувлик ва бағрикенглик муҳитида яшаётгани таъкидланди. Мукофот бу қадриятларни халқаро миқёсда мустаҳкамлашга интилмоқда. Бутун дунёда ишончни мустаҳкамлаш ва инсонпарварлик тамойилларини илгари суришга қаратилган лойиҳалар устида ҳамкорликда ишлашга тайёрлик билдирилди», деб ёзди у.
Шайх Зайд номидаги «Инсоний биродарлик» халқаро мукофоти 2019 йилда БАА асосчиси Шайх Зайд бин Султон Ол Наҳаён шарафига таъсис этилган. Мукофот ҳар йили 4 феврал - Халқаро инсон биродарлиги кунида топширилади. Лауреатларга 1 млн АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти берилади.
Ушбу мукофот билан инсонлар ўртасидаги биродарликни мустаҳкамлаш, бағрикенглик, тинчлик, инсонпарварлик ва маданиятлараро мулоқотни тарғиб қилишда алоҳида хизмат кўрсатган шахслар ва ташкилотлар тақдирланади.





