Logo

«Сбербанк»нинг дата-марказига ҳужум қилинди

Бугун 12:502 дақиқа

Банк Ўзбекистон ҳудудида ўзининг жисмоний филиаллари ёки бўлинмаларига эга эмас. Бироқ, банк ва Ўзбекистон ўртасида яқин молиявий, рақамли ҳамкорлик алоқалари мавжуд. У мамлакатнинг кўплаб йирик банклари билан тўғридан-тўғри пул ўтказмаларини йўлга қўйган.

«Сбербанк»нинг дата-марказига ҳужум қилинди © Ijtimoiy tarmoqlar

«Сбербанк» компанияси ўз дата-марказига ҳужум уюштирилганинини маълум қилди. Бу ҳақда РБК нашри банк матбуот хизматига таяниб хабар берди.

«Ҳужум бўлганини тасдиқлаймиз. Банкнинг барча тизимлари одатдагидек ишламоқда. Ходимлардан ҳеч ким жабрланмади», — дейилади компания бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Александр Ведяхин изоҳида.

Ушбу изоҳ Украина Қуролли кучлари дронларининг Россиянинг Саратов вилоятидаги объектларга ҳужуми ортдан банк инфратузилмасига зарар етган-етмагани ҳақидаги саволга жавобан берилган.

14-октябр куни Саратов вилояти губернатори Роман Бусаргин дронлар ҳужуми оқибатида Балаковода бир нечта тураржой бинолари шикастлангани ва бир киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Унинг айтишича, шаҳардаги барча инфратузилма объектлари одатдагидек ишламоқда. Шунингдек, губернатор ҳалок бўлган инсоннинг оиласига ёрдам кўрсатилишини билдирди.

Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, 14-октябрга ўтар кечаси мамлакат ҳудудлари узра 902 та дрон уриб туширилган. Москва мэри Сергей Собяниннинг маълум қилишича, 13-октябр кечқурундан 14-октябр куни Москва вақти билан соат 07:00 гача Украина Қуролли кучларининг 493 та дрони Москва минтақаси томон йўналтирилган.

Маълумот учун, 1991-йилда ташкил этилган «Сбербанк» активлари бўйича Россиядаги энг йирик кредит-молия идораси ҳисобланади. Банкнинг 1990-йиллардан буён юксалиши қисман унинг Россия ҳукумати билан яқин алоқалари билан боғлиқ.

«Сбербанк» Россиянинг 79 та минтақасида ва 2 та хорижий давлатда 87 та филиал ва 1 та ваколатхонага эга. Айни пайтда банкнинг Россия Федерациясида 13,6 мингдан ортиқ бўлимлари ва 106 миллион фаол шахсий фойдаланувчилари мавжуд. Банкнинг устав капитали 67 млрд 760 млн 844 минг рубл (807 млн 161 минг доллар)га тенг.

Москва биржаси маълумотларига кўра, банкнинг бозор капиталлашуви 3 трлн рублдан (35 млрд 736 млн 990 минг доллар) ошади.

«Сбербанк» Ўзбекистон ҳудудида ўзининг жисмоний филиаллари ёки бўлинмаларига эга эмас. Бироқ, банк ва Ўзбекистон ўртасида яқин молиявий, рақамли ва ҳамкорлик алоқалари мавжуд. У Ўзбекистоннинг кўплаб йирик банклари билан ҳамкорликда тўғридан-тўғри пул ўтказмалари экотизимини йўлга қўйган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиядаги дата-марказларга дронлар ҳужуми Марказий Осиёда «Yandex» хизматларини издан чиқарганди. Қолаверса, кўпчилик фойдаланадиган «Uzum Market» фаолиятида катта техник узилиш кузатилганди.

Теглар

Мавзуга оид

«Сбербанк»нинг дата-марказига ҳужум қилинди | Vaqt.uz