Logo

Шаҳарсозликка ноқонуний аралашган мансабдорлар 132 млн сўмгача жарима тортилади

Бугун 16:552 дақиқа

Ўзбекистонда шаҳарсозлик фаолиятида рухсат бериш тартибига ноқонуний аралашганлар учун маъмурий ва жиноий жазо белгиланди.

Шаҳарсозликка ноқонуний аралашган мансабдорлар 132 млн сўмгача жарима тортилади © Sun'iy intelekt

Ўзбекистонда шаҳарсозлик фаолиятида рухсат бериш тартиб-таомилларига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди. Президент томонидан 2-ноябрда имзоланган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Ҳужжатга кўра, объектлар қурилиши учун ер участкаларини ажратиш, лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ҳамда қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш жараёнларига ноқонуний аралашиш жавобгарликка сабаб бўлади.

Хусусан, ваколатли органлар ва хулоса берувчи ташкилотларнинг ўз вазифаларини бажаришига мансаб ваколатларидан фойдаланиб таъсир ўтказиш, босим қилиш ёки тўсқинлик қилиш учун БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача, яъни 44 млн сўмдан 66 млн сўмгача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси белгиланди.

Агар ушбу қилмиш маъмурий жазо қўлланилганидан кейин яна содир этилса, айбдорларга нисбатан қуйидаги жазолардан бири қўлланиши мумкин:

— 132 млн сўмгача жарима;
— 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш;
— 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
— 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
— 1 йилдан 2 йилгача озодликни чеклаш;
— 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ айнан ушбу қонун билан ёнғин хавфсизлиги талабларини бузганлик учун ҳам жавобгарлик чоралари кучайтирилгани ҳақида хабар берилганди.

Жумладан, автомобилларга газ қуйиш шохобчалари томонидан суюлтирилган углеводород газини истеъмолчиларга маиший газ баллонларида бериш БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача, яъни 1,32 млн сўмдан 2,2 млн сўмгача жарима солишга сабаб бўлади.

Қонун 2027-йил 5-февралдан кучга киради.

Теглар

Мавзуга оид