Logo

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этди

Йиғилишда Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳам қатнашди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этди © Foto: president.uz

19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашнинг биринчи йиғилишида иштирок этди. Тадбирда икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада жадаллаштиришга қаратилган қатор устувор йўналишлар белгилаб берилди.

Йиғилишда Туркия Вице-президенти Жавдат Йилмаз, Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, шунингдек, икки мамлакатнинг етакчи компаниялари ва банклари раҳбарлари қатнашди.

Давлат раҳбари ўз нутқида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан эришилган келишув асосида ташкил этилган ушбу янги механизм икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади. Кенгашнинг биринчи йиғилиши доирасида ўтказилган бизнес форумида 200 дан зиёд тадбиркорнинг фаол иштирок этгани ўзаро шерикликни кенгайтиришга бўлган юксак қизиқишдан далолат бериши қайд этилди.

«Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида 2017 йилдан буён иқтисодиётимиз уч баробарга ўсди, 150 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестициялар жалб этилди. Ушбу жараёнда бизга доим елкадош бўлиб келаётган стратегик шеригимиз – Туркия билан ҳамкорлик муҳим ўрин тутади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда икки томонлама иқтисодий шерикликни кучайтириш бўйича қуйидаги йўналишлар кўрсатиб ўтилди:

• Тоғ-кон саноати, энергетика ва қишлоқ хўжалиги: тоғ-кон саноати ва «яшил» энергетикани ривожлантириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, органик ўғитлар ишлаб чиқариш, замонавий иссиқхоналар қуриш ва сув тежовчи технологияларни жорий этиш, шунингдек, маҳсулот етиштиришдан уни истеъмолчига етказиб беришгача бўлган яхлит қиймат занжирини шакллантириш.
• Электротехника саноати: мамлакатда жадал ривожланаётган ушбу тармоқда турк компаниялари мисни чуқур қайта ишлаш, электроника маҳсулотлари, трансформаторлар, маиший техника ва электр ускуналари ишлаб чиқаришда маҳаллий корхоналар билан кооперацияни кенгайтиришга таклиф этилди.
• Қурилиш ва инфратузилма: «Янги Тошкент» мегалойиҳаси доирасида замонавий тижорат ва турар жой мажмуалари, меҳмонхоналар барпо этиш, шунингдек, пулли автомобиль йўллари ва логистика марказларини ривожлантиришда турк сармоядорларининг иштироки олқишланди.
• Фармацевтика: тиббий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ва соҳада кенг имтиёзлар тақдим этилаётгани билдирилиб, туркиялик инвесторлар мазкур йўналишда ҳам яқин ҳамкорликка чақирилди.
• Хусусийлаштириш ва ДХШ: Туркия банклари, инвестиция фондлари ва йирик саноат корхоналари хусусийлаштириш жараёнлари ҳамда давлат-хусусий шериклик дастурларида фаол иштирок этишга таклиф қилинди.
• Технология ва молия: автомобилсозлик, энергетика, сунъий интеллект ва дастурий таъминот соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш, банк секторидаги ислоҳотларда қатнашиш таклиф этилди.

Тадбирда Ўзбекистонда сармоядорлар учун қулай шароитлар яратиш, жумладан, махсус иқтисодий зоналарда кенг имтиёзлар бериш сиёсати изчил давом эттирилиши таъкидланди.

«Биз бундан буён ҳам мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорлар учун ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ислоҳотларни изчил давом эттирамиз», — деди Президент сўзининг якунида.

Йиғилишда кенгаш ҳамраислари — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбари Саида Мирзиёева ва Туркия Республикаси Вице-президенти Жавдат Йилмаз ҳам сўзга чиқдилар.

«Бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирокида Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон – Туркия юқори даражадаги кенгашининг илк йиғилиши бўлиб ўтди. Ўзбекистон томонидан Кенгаш ҳамраиси сифатида инвестиция ва бизнес алоқаларини кенгайтириш, тадбиркорлар учун тўсиқларни бартараф этиш ҳамда ҳар бир лойиҳага яқиндан кўмаклашишга доимий эътибор қаратамиз», — деб ёзди Саида Мирзиёева ўзининг Telegram каналида.

Мулоқот чоғида Туркия компаниялари раҳбарлари фаолиятлари учун яратилаётган имкониятлар учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда амалга ошираётган лойиҳалари, келгуси режалари ҳамда таклифларини баён қилди.

Теглар

Мавзуга оид