Стратегик ресурслар таъминоти Ғарб кун тартибига чиқди

Брюссел Австралиядан Ўзбекистонгача бўлган бир нечта давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш орқали таъминотдаги бўшлиқни тўлдирмоқчи.

Стратегик ресурслар таъминоти Ғарб кун тартибига чиқди © SI asosida yaratilgan

АҚШнинг Европа Иттифоқидаги доимий вакили Эндрю Паздер Ғарб давлатлари Хитойга бўлган қарамликни узиб, стратегик муҳим минераллар билан ўзини мустақил таъминламаса, жиддий хавфлар олдида қолишини билдирди. У бу ҳақда «Bloomberg» агентлигига берган интервюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва ЕИ вакиллари ўтган ҳафта Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувда нодир ер элементлари соҳасидаги шериклик масалаларини муҳокама қилиб, сезиларли ютуқларга эришгач, шундай хулосага келишган.

«Учрашувда иштирок этган барча давлатлар шуни англаб етдики, агар Ғарб ушбу ўта муҳим минералларни қазиб олиш ва қайта ишлаш имкониятига эга бўлмаса, ниҳоятда ноқулай аҳволда қолади», — деди у.

Минераллар учун рақобат

Дипломатнинг қўшимча қилишича, Европанинг бу соҳада Хитойга қарамлиги барча етказиб бериш занжирларини хавф остида қолдирмоқда. У иттифоқчиларни вазиятдан чиқиш учун келишувлар ишлаб чиқишга чақирди ҳамда АҚШ давлат котиби Марко Рубио ва АҚШнинг савдо музокараларидаги вакили Жеймисон Грир қисқа фурсат ичида ҳолатни ўнглай олишига ишонч билдирди. Паздер АҚШ ва ЕИ ўртасида ишлаб чиқилаётган стратегик минераллар бўйича келишув сунъий интеллект соҳасини ривожлантириш учун ҳам ғоят муҳим эканини қайд этди.

Янги геосиёсий йўналиш

2025 йилнинг ноябр ойида Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ЕИнинг Хитойдан стратегик хомашё етказиб беришга бўлган қарамлигини камайтириш бўйича янги ташаббусни эълон қилган эди.

Унинг сўзларига кўра, Брюссел Австралия, Қозоғистон, Канада, Ўзбекистон, Украина ва Чили билан алоқаларни мустаҳкамлаш орқали ушбу бўшлиқни тўлдиришни режалаштирмоқда.

Теглар

Мавзуга оид