Logo

Сурхондарёда собиқ ИИБ ходими вояга етмаган қизнинг номусига тегишда гумонланмоқда

Денов туманида вояга етмаганлар масалалари бўйича собиқ инспектор-психолог 14 ёшга тўлмаган қизга нисбатан жинсий характердаги жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Сурхондарёда собиқ ИИБ ходими вояга етмаган қизнинг номусига тегишда гумонланмоқда © mindmatters.ai

Сурхондарё вилоятининг Денов туманида ички ишлар органларининг собиқ ходимига нисбатан қўзғатилган жиноят иши тергови якунланди.

Вилоят прокуратураси маълумотига кўра, Денов тумани ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимида вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог лавозимида ишлаган А.Р.га нисбатан тайёрланган айблов хулосаси судга юборилган.

Тергов маълумотларига кўра, собиқ ходим 14 ёшга тўлмаган қизга нисбатан жинсий характердаги жиноятларни содир этганликда гумон қилинмоқда. Шу муносабат билан унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир нечта моддалари бўйича айблов қўйилган.

Хусусан, айбланувчига Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш), 129-моддаси 3-қисми (зўрлик ишлатиб ёки қўрқитиш орқали 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш) ҳамда 206-моддаси 1-қисми (ҳокимият ёки мансаб ваколатидан четга чиқиш) билан айблов эълон қилинган.

Прокуратура хабарида жиноятнинг аниқ қачон содир этилгани ҳақида маълумот келтирилмаган. Шунингдек, жабрланувчи ва унинг оиласига оид шахсий маълумотлар ошкор этилмаган.

Тергов ҳаракатлари давомида тўпланган далиллар асосида иш бўйича айблов хулосаси расмийлаштирилиб, мазмунан кўриб чиқиш учун суд органларига тақдим этилган.

Айни вақтда айбланувчининг айби ёки айбсизлиги бўйича якуний ҳуқуқий баҳо суд томонидан берилади. Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, шахс суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига қадар айбсиз деб ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижонда ҳам ИИБ ходими вояга етмаган қиз билан жинсий алоқа қилгани учун қамоққа олинганди.

Теглар

Мавзуга оид