«Свет» ва газ нархи яна ошяпти. Метрода «Ипподром»га бориш мумкин бўлади. Ўзбек Россиядан «қувилди» — ҳафта дайжести
Ўтаётган ҳафта ичида Ўзбекистонда содир бўлган энг аҳамиятли ва муҳокамаларни келтириб чиқарган воқеа-ҳодисаларни Vaqt.uz’да яна бир бор эсга оламиз.
Гўшт импорти камайди, нархи эса ошди
Якунланаётган ҳафтада мамлакат ташқи савдоси ва ички бозоридаги гўшт нархларига оид муҳим статистик маълумотлар очиқланди. Унга кўра, Ўзбекистонга мол гўшти импорти кетма-кет икки ойдан бери қисқараётган бир пайтда, ички бозорда маҳсулот нархлари сезиларли даражада қимматлашган.
Божхона қўмитасига кўра, мол гўшти импорти 11,2 минг тоннага тушиб, февраль (14,4 минг т.) ва март (12,7 минг т.) ойларига нисбатан пасайган. Шунингдек, қўй гўшти (2,85 минг т.) ва товуқ гўшти (5 минг т.) етказиб бериш ҳажми ҳам камайган.
Шунга қарамай, ички бозорда нархлар ўсишда давом этмоқда. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, апрель ойида мол гўшти 3,2 фоизга, қўй гўшти эса 3,7 фоизга қимматлашди. Йиллик ҳисобда қўй гўшти нархи 20,3 фоизгача кўтарилган.
Мутахассисларнинг фикрича, импорт ҳажмининг камайиши ва ички бозорда нархларнинг кўтарилиши таъминот занжиридаги ўзгаришлар ҳамда мавсумий омиллар билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Наркосавдогарлар
Ортда қолаётган ҳафтада Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Фарғона вилоятида гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйиш бўйича бир нечта амалиётлар ўтказилди. Натижада қўшни давлатлардан олиб кирилган йирик миқдордаги наркотик моддалар мусодара қилинди.
Риштон туманида ўтказилган тадбирда «Volvo» юк машинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унинг ғилдираклари ичига яширинча жойлаштирилган 3 кг опий ва 16 кг гашиш моддалари топилди. Мазкур жиноят устида 52 ёшли ҳайдовчи ва юкни қабул қилиб олаётган 24 ёшли йигит қўлга олинди. Суриштирув давомида ушбу ноқонуний савдога йигитнинг отаси ҳам алоқадор экани маълум бўлиб, у ҳам ҳибсга олинди.
Яна бир ҳолатда Қўқонлик 23 ёшли йигит бошқарувидаги «Cobalt» автомобили Учкўприк туманида тўхтатилди. Машина салонидан ва йигитнинг уйидан жами 5 килограммга яқин гашиш моддаси олинди. Аниқланишича, ушбу заҳарли моддалар йигитнинг 46 ёшли тоғасига тегишли бўлиб, у ҳам тезкор тадбир давомида ушланди.
Ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246 (Контрабанда) ва 273-моддалари (Гиёвандлик воситаларини ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Барча гумонланувчилар қамоққа олиниб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
1 июндан электр энергияси ва табиий газ тарифлари ўзгаради
Якунланаётган ҳафтада Ҳукуматнинг «Ёқилғи-энергетика ресурслари нархларини белгилаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2026 йил 1 июндан бошлаб электр энергияси ва табиий газ учун янги тарифлар амалга киритилади.
Аҳоли учун: табақалаштирилган тарифлар сақлаб қолинди. Хусусан, оддий маиший истеъмолчилар учун 200 кВт соатгача бўлган ҳажм учун тўлов 650 сўм этиб белгиланди. Электр плиталари билан жиҳозланган уйларда эса бу кўрсаткич 325 сўмни ташкил этади.
Истеъмолчиларнинг бошқа гуруҳлари: I, II ва IV гуруҳ истеъмолчилари учун 1 кВт соат электр энергияси нархи 1 100 сўм бўлади.
Аҳоли учун иситиш мавсумида 500 куб метргача, бошқа вақтларда эса 100 куб метргача бўлган истеъмол учун 1 куб метр газ нархи 1 100 сўм этиб белгиланди.
Икки киши дара устидаги зиплайнда тўқнашиб кетди
Бу ҳафта Ангрен туманидаги дара устида икки кишининг зиплайнда тўқнашиб кетгани акс этган видеолар кенг тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмий муносабат билдирди.
Маьлумотга кўра, 14 май куни Ангрендаги зиплайнда ҳаракатланаётган икки фуқаро ҳавода ўзаро тўқнашиб кетган. Бахтли тасодиф туфайли ҳеч ким тан жароҳати олмаган.
Текширув натижасига кўра, ушбу аттракцион ҳеч қандай рухсат берувчи ҳужжатларсиз, мутлақо ноқонуний фаолият юритиб келган.
ФВВ ва дахлдор идоралар томонидан хавфли аттракцион зудлик билан демонтаж қилинди. Уни ташкил этган фуқароларга нисбатан жарима жазоси қўлланилган.
Вазирлик фуқароларни расмий рухсатга эга бўлмаган, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган кўнгилочар масканлардан фойдаланмасликка ва ўз ҳаётларини хавф остига қўймасликка чақиради.
Олтин нархи доллар заифлашуви фонида ўсди
Якунланаётган ҳафтада жаҳон бозорида олтин нархининг ўсиши кузатилди. Бунга АҚШ доллари курсининг пасайиши ҳамда глобал геосиёсий хавфлар, хусусан, Эрон атрофидаги вазият ва АҚШ–Хитой савдо музокаралари билан боғлиқ ноаниқликлар асосий сабаб бўлди.
Спот бозорида олтин нархи 0,4 фоизга ошиб, бир унцияси учун 4706,70 долларни ташкил этди. Июнь фючерслари эса 0,2 фоизлик ўсиш билан 4713,40 долларга етди.
Америка валютасининг заифлашиши бошқа валюта эгалари учун олтинни долларда сотиб олишни нисбатан арзонроқ ва жозибадор қилган.
«GoldSilver Central» компанияси мутахассисларининг таъкидлашича, бозор иштирокчилари ҳозирда АҚШ ва Хитой ўртасидаги олий даражадаги учрашув натижаларини кутмоқда. Айни пайтдаги қисқа муддатли пасайиш кайфияти инвесторлар учун ушбу қимматбаҳо металл бозорига кириш учун қулай имконият бўлиши мумкин.
Жаҳон иқтисодиётидаги бу каби тебранишлар олтиннинг «хавфсиз актив» сифатидаги мавқеини яна бир бор мустаҳкамламоқда.
Ўзбек Россиядан чиқариб юборилди
Россияда Ўзбекистон фуқароси кўчада намоз ўқигани учун миссионерлик фаолиятида айбланди. Санкт Петербург судлари матбуот хизмати хабарига кўра, ҳодиса 12-май куни Савушкин кўчасида содир бўлган.
Полиция Дадабоевни кўчада намоз ўқиётган пайтда ушлаган. Маълумотига кўра, у тегишли рухсациз имом сифатида диний маросим ўтказган ва жамоат жойида ибодат қилганликда айбланган. Ўзбекистон фуқароси судда айбига иқрор бўлиб, кўчада намоз ўқиш тақиқланганини билмаганини айтган.
Суд қарори билан унга 30 минг рубл жарима солинди ҳамда Россиядан чиқариб юбориш белгиланди.
Бу Россияда намоз ўқигани сабаб депортация қилинаётган илк ўзбекистонлик эмас. Хусусан, феврал ойида Россияда ётоқхона эшигини ёпмасдан намоз ўқиган Ўзбекистон фуқароси “миссионерлик фаолияти”да ayblangandi. Суд эркакни жаримага тортган ва уни Россиядан мажбурий равишда чиқариб юбориш ҳақида қарор чиқарган эди
40 нафар боғча боласини маст ҳолда ташиган ҳайдовчи жазоланди
Шу кунларда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларини ташиш билан боғлиқ хавфли ҳолатлар жамоатчиликнинг диққат марказида бўлиб турибди. Бухоро вилоятининг Ромитан туманида юз берган воқеа жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ичида 40 нафар боғча боласи бўлган «Isuzu» автобусини маст ҳолатда бошқарган ҳайдовчига нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Суд қарорига кўра, масъулиятсиз ҳайдовчи 3 йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилди ва 16,5 миллион сўмга яқин жаримага тортилди.
Аввалроқ, Навоийда ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган боғча раҳбари «Matiz»да 14 нафар болани ташиётиб ҳалокатга учраб, вафот этганди
ЙҲХБ ота-оналар ва таълим муассасалари раҳбарларини болалар ташишда хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилишга ва бефарқ бўлмасликка чақирмоқда.
100 ўзбекистонлик Ҳажга бепул юборилади
Шу кунларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан турли соҳаларда фидокорона меҳнат қилган 100 нафар юртдошимиз бепул Ҳаж сафарига юбориладиган бўлди. «Президент ҳожиси» мақомига эга бўлган бу гуруҳ учун барча харажатлар ва зарур анжомлар давлат томонидан қопланган.
Улар орасида маҳалла раислари, меҳнат фахрийлари, шифокорлар, олимлар ва оддий ишчилар ҳам ўрин олган.
Жумладан, шарқшунос олима Мухлисахон Зиёвуддинова, тиббиёт фанлари доктори Абдувоҳид Содиқов, Юнусобод туманидаги “Мирзо Улуғбек” маҳалласи раиси Равшан Юсупов, Сардоба туманидаги меҳнат фахрийси Рустам Усмонов ҳамда Қашқадарёлик оддий ишчи Маҳмуд Маматқулов Ҳаж сафарига йўл оладиганлар сафидан жой олди.
Шунингдек, жорий йилги мавсумда Ўзбекистондан 15 минг нафардан ортиқ фуқаро Саудия Арабистонига Ҳаж амалларини бажариш учун юборилиши режалаштирилган.
Судя ёрдамчиси пора билан қўлга тушди
Ўтаётган ҳафта суд тизимидаги йирик фирибгарлик ва коррупция ҳолати фош этилди. Сурхондарё вилояти суди судясининг катта ёрдамчиси ДХХ ва прокуратура органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушланди.
Маьлумотга кўра, суд ходими Ангор туман судида кўрилаётган ишга аралашиб, 6,3 млрд сўмлик зарар миқдорини камайтириш, қамоқ эҳтиёт чорасини бекор қилиш ва енгил жазо тайинлатишни ваъда қилган.
У ушбу «хизмати» эвазига судланувчиларнинг яқинларидан 53 000 АҚШ доллари талаб қилган ва пулни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси фирибгарлик ва 211-моддаси яни пора беришда шериклик билан жиноят иши қўзғатилган.
Энди «Ипподром»га метрода бориш мумкиин бўлади
Яқин келажакда “Ипподром”га метрода борса бўлади. Боиси Тошкент метрополитенининг янги линияларини қуриш режалаштирилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида қилинган тақдимотда «Мингўрик – Чилонзор буюм бозори» метрополитен линияси бўйича лойиҳа баҳолаш ҳужжатларини ишлаб чиқиш режалаштирилгани маълум бўлди.
Янги линия дастлаб «Жанубий вокзал»гача, кейин эса «Абу Сахий» ва «Ипподром» бозорларигача узайтирилади.
2030 йилгача метро бекатлари сони 79 тага етказилиб, поездлар оралиғи 1,5–3 дақиқагача қисқартирилади.
Келажакда йўл ҳақини босиб ўтилган масофага қараб тўлаш ва махсус кунлик, ҳафталик абонементлар жорий этилиши режалаштирилган.
Бу ўзгаришлар нафақат йўловчиларга қулайлик яратади, балки шаҳарнинг жанубий қисмидаги тирбандлик муаммосини ҳам ҳал этади.
Шунингдек, «Шаҳристон» бекатида ойна тўсиқлар ўрнатилиши, бекатларда вендинг аппаратлари ва кичик савдо нуқталари пайдо бўлиши мумкин.
Теглар






