Logo

Тадбиркорларга бизнесини вақтинча тўхтатиб туриш ҳуқуқи берилади

Бугун 18:032 дақиқа

Фаолияти расман тўхтатилган даврда корхона ва унинг ёлланма ходимларига нисбатан солиқлар ҳисобланиши тўхтатилади, шунингдек, солиқ ва статистика ҳисоботларини топшириш талаб этилмайди.

Тадбиркорларга бизнесини вақтинча тўхтатиб туриш ҳуқуқи берилади © Foto: istock

Ўзбекистонда тадбиркорлик субектларига ўз ташаббуси билан бизнес фаолиятини вақтинча тўхтатиб туриш ҳуқуқи берилди.

Расман фаолиятини тўхтатган корхоналар ва уларнинг ёлланма ходимларига нисбатан солиқлар ҳисобланиши тўхтатилади. Шунингдек, тадбиркорлар ушбу даврда солиқ ва статистика ҳисоботларини топширишдан озод этилади. Бу тартиб «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришлар билан белгиланди.

Ҳужжатга мувофиқ, тадбиркорлик субъекти мулкдорнинг ўз аризаси асосида фаолиятини вақтинча тўхтатиши мумкин. Бунинг учун рўйхатдан ўтказувчи органга мурожаат қилиш ёки тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимидан фойдаланиш керак.

Фаолиятни тўхтатиш тартиби


Қонунга киритилган янги 42-1-моддага кўра, тадбиркорлик субъектининг фаолияти вақтинча тўхтатилгани ҳақидаги маълумотлар солиқ органларига автоматик равишда юборилади.

Рўйхатдан ўтказувчи орган тегишли маълумотларни ариза келиб тушганидан кейинги иш куни якунигача солиқ органларига тақдим этиши шарт.

Фаолият расман тўхтатилган даврда тадбиркорлик субъекти солиқ ва статистика ҳисоботларини топширмайди. Шунингдек, корхонанинг ўзига ва унинг ҳар бир ёлланма ходимига нисбатан солиқлар ҳисобланиши тўхтатилади.

Бизнес фаолиятини қайта тиклаш ҳам худди шу тартибда амалга оширилади. Бунинг учун тадбиркор рўйхатдан ўтказувчи органга ариза бериши ёки автоматлаштирилган тизимдан фойдаланиши мумкин.

Назорат органлари ваколати чекланади

Қонун билан назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик фаолиятини мажбурий тўхтатиб туриш ваколатларига ҳам чекловлар киритилди.

Янги тартибга кўра, назорат органлари бизнес фаолиятини фақат одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига юқори даражада хавф туғдирадиган омиллар мавжуд бўлган тақдирда, кўпи билан 10 иш кунига тўхтатиши мумкин.

Фаолиятни 10 иш кунидан ортиқ, бироқ олти ойдан ошмаган муддатга тўхтатиб туришга эса фақат суд қарори асосида йўл қўйилади.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2026-йил 14-июлда қабул қилинган, Сенат томонидан эса 8 августда маъқулланган. Ҳужжат расман эълон қилинганидан уч ой ўтиб, 18 ноябрдан кучга киради.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасига уч ой муддатда тадбиркорлик субъектларининг ўз аризаси асосида фаолиятини вақтинча тўхтатиб туриш тартибини тасдиқлаш вазифаси юклатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ банкротлик ёқасидаги тадбиркорлар учун махсус банк ҳисобварақлари очилиши ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Мавзуга оид