
«Тандирбузарлар кейси»: Экологик рейдларда тадбиркор мулки ҳимоя қилиниши шарт — Бизнес-омбудсман
Бизнес омбудсман офисида экорейдлар вақтида тадбиркорлар мулкига зарар етказилгани ҳақида мурожаатлар кўпайгани сабаб, идора ваколатли органларни қонунчиликка риоя этган ҳолда ҳаракат қилишга чақирди.

Сўнгги кунларда Тошкент шаҳрида ҳаво сифати пасайиб, экологик вазият кескинлашгани жамоатчилик эътиборида турибди. Бу муаммо давлат миқёсида ҳал қилиниши лозим бўлган асосий вазифалардан бири сифатида белгилаб олинди. Президент томонидан пойтахтдаги экологик вазиятни яхшилашга қаратилган фармон имзолангани, шунингдек, Республика бўйлаб экологик назоратни кучайтириш учун махсус комиссия ташкил этилгани мазкур йўналишда амалга оширилаётган муҳим чоралардан саналади.
Махсус комиссия томонидан ҳар кеча ўтказилаётган рейдлар орқали қатор экологик ҳуқуқбузарликлар аниқланмоқда. Бу жараён аҳоли саломатлиги ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бироқ, рейдлар амалга оширилаётган айрим ҳудудларда тадбиркорларнинг қонуний мулкига зарар етказилгани ҳақида мурожаатлар йўқ эмас.
Расмий маълумотда айтилишича, экологик чора-тадбирлар қандай долзарб бўлмасин, мулк дахлсизлиги қонун билан кафолатланган. «Тадбиркорлик фаолиятининг эркинликлари кафолатлари тўғрисида»ги Қонунда хусусий мулкнинг давлат ҳимоясида экани аниқ белгилаб қўйилган. Тадбиркорлик субъектининг фаолиятини чеклаш ёки унинг мол-мулкига нисбатан чора кўриш фақат ваколатли орган ёхуд суд қарори асосида амалга оширилиши мумкин.
Шу боис тегишли давлат идоралари экорейдлар жараёнида тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини инобатга олиши, хусусий мулкка зарар етказмаслиги ва барча чора-тадбирларни фақат амалдаги қонунчилик асосида амалга ошириши шартлиги таъкидланмоқда.
Ваколатли органлар қонун бузилишининг олдини олиш, экологик назорат жараёнларини шаффоф ва масъулиятли ўтказишга чақирилди. Мулк ҳуқуқларининг таъминланиши экологик вазиятни яхшилаш бўйича ишлар самарадорлигини ҳам оширишини расмий идора алоҳида қайд этди.





